Янгиликлар 2017 йил
07.08.2017 17:36:00

Бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлди

Филиппинда бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати якунланди. Мусобақада қитъамизнинг 18 та мамлакатидан 138 нафар ёш боксчилар иштирок этишди. Ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионати 13 та вазн тоифасида ўтказилди. Эътиборлиси, Осиё чемпионатида фақат Ўзбекистон, Қозоғистон ва Ҳиндистон терма жамоалари тўлиқ таркиб билан иштирок этишди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Филиппинга йўл олган 13 та боксчидан ўнтаси якунда совринли ўринларга сазовор бўлди. 


Финал жангларида рингга кўтарилган олти нафар боксчимизнинг учтаси рақибларини мағлубиятга учратиб олтин медалларга сазовор бўлишди ва Осиё чемпионлигини тантана қилишди. Ҳал қилувчи баҳсларда мағлубият аламини тотиб кўрган уч нафар боксчимиз эса кумуш медаль билан кифояланди. 


Финал жанглари натижалари: 

-52кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Бибарс Жекшен (Қозоғистон) - 1:4 
-54кг: Раҳматулло Тошпўлатов - Аитжан Аширхан (Қозоғистон) - 0:5 
-57кг: Жавлонбек Юлдашев - Сеон Гун Гох (Жанубий Корея) - 5:0 
-63кг: Нурислом Исмоилов - Умар Куванчбек Ули (Қирғисистон) - 4:1 
-66кг: Асадбек Жуманиёзов - Сора Танака (Япония) - 0:5 
+80кг: Шоҳруҳ Алматов - Сатендер Сингҳ (Ҳиндистон) - 3:2 


Демак, Осиё чемпионати якунларига кўра Жавлонбек Юлдашев (-57кг.), Нурислом Исмоилов (-63кг.) ва Шоҳруҳ Алматов (+80кг.) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлсалар, Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-52кг.), Раҳматулло Тошпўлатов (-54кг.) ва Асадбек Жуманиёзов (-66кг.)ларга кумуш медаллар насиб қилди. 


Шунингдек, бир кун аввал Муҳаммадмусо Абдурахманов (-46 кг.), Руслан Абдуллаев (-48 кг.), Шерзод Қодирбоев (-60 кг.) ва Камронбек Рахмонов (-80 кг.)лар бронза медалига лойиқ кўрилишганди. Ана шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларига эга чиқди. Ушбу натижаси эвазига Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатини Қозоғистон делегациясидан сўнг фахрли иккинчи ўринда якунлади.  


Маълумот учун, бунга қадар 2017 йил ҳисобидан ўтказилган катталар ўртасидаги Осиё чемпионати (Тошкент) ва ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги (Бангкок) да Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган эди.