Янгиликлар 2017 йил
29.07.2017 09:44:00

Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати Ўзбекистон делегациясининг бенефиси билан якунланди

24-29 июль кунлари Непал пойтахти Катманду шаҳри оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Мусобақада Ўзбекистон шарафини 15 нафар ўқил-қизларимиз ҳимоя қилишди. 



Жумладан қизлар терма жамоамиз таркибидан Зуҳра Отажонова, Шахлохон Абдуллаева, Кумушхон Файзуллаева, Зарнигор Абдураҳмонова, Турсуной Жабборова, Гулноза Аҳмадова ва Шодмоной Очиловалар жой олган бўлишса, ўсмирлар терма жамоаси таркиби Мушаррафбек Раҳимов, Асадбек Нариманов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Сарвар Тоштемиров, Алишер Ражабов, Азимжон Хожиев, Саидмуҳтор Саидаҳроров ва Александр Ли каби ёш полвонларимиз билан тўлдирилди. 



Сир эмаски спортнинг оғир атлетика турида Ўзбекистон қитъада етакчи терма жамоалар сирасига киради. Буни мамлакатимиз атлетлари энг нуфузли халқаро мусобақаларда исботлаб келишмоқда. Эътиборлиси, сўнгги пайтларда ўзбекистонлик ёш полвонлар нафақат Осиёда, балки жаҳонда ҳам ўз маҳоратларини намойиш этиб, кўпчиликнинг эътиборига тушиб улгуришди. Шу боисдан ҳам Руслан Нуруддиновнинг XXXI ёзги Олимпия ўйинларидаги зафарли юриши, ҳам чемпионлик ҳам Олимпия рекордини тантана қилиши бежиз эмас албатта. 



Қувонарлиси, турли ёш тоифаларида ташкил этилаётган Осиё ва жаҳон чемпионатлари шуни кўрсатмоқдаки Ўзбекистонда атлетларнинг янги авлоди, ҳар томонлама кучли ва бақувват, иродаси мустаҳкам, ғалабага ўч ёшлар вояга етмоқда. Демак, юртимизда Русланнинг муносиб ворислари камол топаяпти. 



Сайёрамизнинг энг баланд чўққиси – Эверест тоғи билан машҳур бўлган Непал мамлакати мезбонлигида ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон фаворитлар қаторида зикр этилганди. Мусобақа давомида ҳамюртларимиз буни амалда исботлашни ҳам уддалашди. Қизлар ўртасида 75 килограмм вазн тоифасида кураш олиб борган Гулноза Аҳмадова барча рақибларини ортда қолдириб, ҳам даст кўтариш, ҳам силтаб кўтаришда олтин медалларни қўлга киритди ва иккикураш натижасига кўра ҳам тенгсиз деб топлиб Осиё чемпиони номига сазовор бўлди. 



63 килограмм вазн тоифасида чиқиш қилган Кумушхон Файзуллаева эса Иккита олтин ва битта бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, Турсуной Жабборова (69 кг.) учта кумуш, Шахло Абдуллаева (58 кг.) учта бронза ва Шодмоной Очилова (90 кг.) иккита бронза медалларини қўлга киритишди. Натижада Ўзбекистон қизлар терма жамоаси 17 та мамлакат вакиллари орасида Хитой делегациясидан сўнг фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликни эса Таиланд термаси якунлаб берди. 



Ўғил болалар ўртасидаги беллашувлар янада кескин ва шиддатли руҳда кечиб, унда ўзбекистонлик ёшлар қитъада тенгсиз эканликларини амалда исботлай олишди. Айниқса Сарвар Тоштемиров (69 кг.) ва Александр Ли (94 кг) қайд этган натижалар таҳсинга сазовор. Ҳар иккала спортчимиз учтадан олтин медалларга сазовор бўлиб, ўз вазн тоифаларида барча рақибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлишди ва Осиё чемпионлигини тантана қилишди. 



Саидмуҳтор Саидаҳроров (94 кг.) уччала йўналишда кумуш медалларига лойиқ кўрилди. Азим Хожиев (85 кг.) учта, Мушаррафбек Раҳимов (62 кг.) иккита ва Муҳаммадқодир Тоштемиров битта бронза медалларига эга чиқишди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 27 мамлакат делегациялари орасида биринчи ўринни эгаллаб, энг яқин таъқибчилари Таиланд ва Эрон термаларидан илгарилаб кетди. 



Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мамлакат оғир атлетика федерацияси раҳбарияти, терма жамоа мураббийлар штаби ва албатта спортчиларни ушбу муваффақият билан муборакбод этади. Келгуси мусобақаларда ҳам атлетларимизга ғолиблик руҳи ёр бўлиши, ғалабалар бардавом бўлишини тилайди. Осиё чемпионатида иштитирок этган делегациямиз аъзолари ўтирган самолет бугун, 29 июль куни махаллий вақт билан соат 14:00да Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов Халқаро аэпортига келиб қўнади.