Янгиликлар 2017 йил
24.07.2017 14:58:00

Спорт курашлари. Ўзбекистон делегацияси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатини тўққизта медаль билан якунлади

Хабар бериб ўтганимиздек, 20-23 июль кунлари Таиландда спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси қитъа чемпионатида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича тўлиқ таркибда иштирок этди. Мусобақанинг илк кунида юнон-рум курашчилари гиламга чиқишди. Вазни 46 килограмм бўлган спортчилар баҳсида ҳамюртимиз Элдор Каримов бронза медали учун кечган беллашувда мезбонлар вакилини мағлуб этиб, делегациямиз ҳисобига дастлабки бронза медалини тақдим этди. Шу куни шунингдек, Дилшод Омангелдиев (-63 кг.) ва Саидислом Тешабоев (-42 кг.) лар ҳам бронза медалларига сазовор бўлишди. 



Аёллар курашида бир йўла иккита қизимиз бронза медаллари билан тақдирланишди. Гулноза Жумабоева (-46 кг.) ва Умида Максетова (-38 кг.) учинчи ўрин тақдирини ҳал қилган баҳсларда мос равишда Таиланд ва Хитой Тайпейи вакилларини мағлуб этиб шоҳсупага кўтарилишди. 



Эркин кураш бўйича терма жамоамиз аъзолари эса мусобақада анчагина мувафақиятли иштирок этиб, якунда 2 та олтин ва биттадан кумуш ҳамда бронза медалларига сазовор бўлишди. Вазни 42 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида Умиджон Жалолов финалга қадар Эрон ва Қозоғистон вакилларини ортиқча қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи баҳсда эса Умиджон япониялик рақиби устидан 10:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлди. 



 -63 килограмм вазнга эга бўлган полвонлар баҳсида ҳам Осиё чемпионатининг олтин медали юртдошимизга насиб этди. Ихтиёр Нормуродов Қирғизистон, Ҳиндистон ва Мўғилистон терма жамоаси аъзоларини катта устунлик билан мағлуб этиб олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, Муҳаммадрасул Раҳимов (-85 кг.) ва Жамшидбек Маруфов (-50 кг.)лар мос равишда кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Раҳимов Жанубий Корея, Мўғилистон ва Ҳиндистонлик рақиблари курагини ерга теккизиб финалга қадар етиб келганди. Ҳал қилувчи беллашувда эса ёш полвонимизга бироз омад етишмади ва у эронлик рақибига 8:10 ҳисобида имкониятни бой бериб кумуш медаль билан чекланди. Жамшидбек эса бронза медали тақдири ҳал бўлган баҳсда Қирғизистон терма жамоаси аъзосини 10:0 ҳисобида таслим қилиб, шоҳсупадан жой олди. 



Якунда Ўзбекистон делегацияси Осиё чемпионатида жами 9 та медални қўлга киритди. Уларнинг 2 таси олтин, 1 таси кумуш ва 6 таси бронза медалларидир. Қитъа чемпионати баҳонасида терма жамоамиз мураббийлар штаби бир қатор ёш полвонларимизнинг имкониятларини синовдан ўтказишди. Боиси 2018-йилги ҳудди шу ёш тоифасидаги Осиё чемпионати Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланма беради. Айнан шундан келиб чиқиб, терма жамоамизнинг яқин захираси кўздан кечириб олинди. Спорт курашлари бўйича терма жамоамиз аъзолари бугун эрталаб Бангкокдан пойтахтимизга қайтиб келишди.