Янгиликлар 2017 йил
07.07.2017 18:05:00

Ўзбекистон терма жамоаси бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини биринчи ўрин билан якунлади

Таиландда бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунига етди. Финал баҳсларига 8 нафар боксчимиз етиб келгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Ҳал қилувчи баҳсларда уларнинг беш нафари ғалаба қозониб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлишди. 



Демак, Самандар Ҳолмуродов (-49 кг.), Фарруҳ Илҳомов (-69 кг.), Ражаббой Атаназаров (-75 кг.), Профсор Роримша (-91 кг) ва Лазизбек Мулложонов (+91 кг.) лар бугунги беллашувларда ўз рақибларини мағлубиятга учратиб, ёшлар ўртасида Осиё чемпионлигини тантана қилган бўлсалар, Абдумалик Ҳалаков (-52 кг.), Билолбек Мирзараҳимов (-64 кг.) ва Тимур Эргашев (-81 кг.) кумуш медаллар билан чекланишди. Шунингдек -60 кг. вазн тоифасида Саиджамшид Жафаров бронза медали билан тақдирланди. 



Натижада ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 10 та вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчиларимиздан тўққизтаси совриндорлар сафидан жой олишди ва Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 23 та мамлакат орасида фахрли биринчи ўринни эгаллади. 



Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан мамлакат бокс федерацияси, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ва мураббийлар штабини муборакбод этади ва булажак нуфузли мусобақаларда уларга омад ва зафарлар тилайди. 



Шу ўринда бир маълумот, Ўзбекистон терма жамоаси шарафини Бангкокдаги Осиё чемпионатида -91 кг. вазн тоифасида ҳимоя қилган Профсор Роримша ҳусусида ижтимоий тармоқларда турли мулоҳазалар билдирилмоқда. Гўёки Рио Олимпия ўйинларида Озарбайжон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган кубалик Лоренсо Сотомайор каби Роримша ҳам Ўзбекистон терма жамоаси таркибига легионер сифатида жалб этилган деган фикрлар ҳам янграмоқда. 



Биз вазиятга аниқлик киритиб ўтамиз. Биринчидан, спортнинг бокс турида Ўзбекистон ҳеч қандай легионерлар хизматига муҳтож эмас, чунки боксда Ўзбекистон нафақат Осиёда, балки жаҳонда етакчи мамлакатлардан саналади. Буни сўнгги йилларда қайд этилаётган натижалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Сўнгги икки йилни оладиган бўлсак Рио-2016 Олимпия ўйинларида ҳам, Тошкентда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам, бугун Таиландда якунига етган ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида ҳам Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эггалади. 



Иккинчидан, Профсор Роримша асли бухоролик Гуландом Рахматова ва АҚШ фуқароси Рорумеша Ибрагим Суведиларнинг фарзанди бўлиб Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. 1999 йилнинг 24 январида туғилган. Боксдаги биринчи устози Улуғбек Қиличев. Ҳозирда ҳам ушбу мураббий қўл остида Бухорода шуғулланиб келмоқда. Бугунги ғалабасига қадар Профсор Роримша шунингдек, 2015 йилда Тошкентда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин, худди шу йили Россиянинг Санкт Петербург шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. Энди ўз шахсий коллекциясига ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг олтин медалани ҳам қўшиб қўйди. 



Биз яқин келажакда Профсордан энди миллий терма жамоа таркибида, катталар ўртасидаги нуфузли мусобқаларда ҳам ана шундай муҳим ғалабаларни кутиб қоламиз ва ишонамизки у ҳали узоқ вакт давомида жаҳонинг энг йирик спорт ареналарида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила олади.