Янгиликлар 2017 йил
07.07.2017 14:23:00

Бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамизнинг саккиз нафар аъзоси олтин медаль учун курашмоқда

Бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамизнинг саккиз нафар аъзоси олтин медаль учун курашмоқда
Таиланд пойтахти Бангкокда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этиб, ўз акаларига муносиб издош бўлишга ҳаракат қилишмоқда. Ёдингизда бўлса май ойида катталар ўртасида Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати финалида 9 нафар боксчимиз жанг қилган ва уларнинг барчаси олтин медаль соҳибига айланганди. Ўз навбатида Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу натижаси бутун дунё боксида яхшигина шов-шув келитириб чиқарганди. 

Ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатига мезбонлик қилаётган Бангкокда ҳам ўзбекистонлик боксчилар ҳозирча энг яхши натижага эга бўлиб туришибди. Зеро бугун бўлиб ўтаётган ҳал қилувчи жангларда 10 та вазн тоифасининг саккизтасида ҳамюртларимиз рингга чиқишади. Кеча бўлиб ўтган ярим финал жангларида 9 нафар боксчимиз иштирок этди. 

Уларда фақатгина Саиджамшид Жаъфаров -60 кг. вазн тоифасида қозоғистонлик Саматали Толтаевга ютказиб қўйди. Самандар Ҳолмуродов (-49 кг.), Абдумалик Ҳалаков (-52 кг.), Билолбек Мирзараҳимов (-64 кг.), Фаррух Илҳомов (-69 кг.), Ражаббой Атаназаров (-75 кг.), Тимур Эргашев (-81 кг.), Профсор Роримша (-91 кг.) ва Лазизбек Мулложонов (+91 кг.) лар эса ўз рақиблари устидан зафар қучиб, финал баҳсига йўлланма олишди. 

Бугун Осиё чемпионатининг олтин медаллари учун кечаётган жангларда ҳамюртларимиз қуйидаги рақибларга қарши кураш олиб боришади: 

-49 кг: Самандар Ҳолмуродов - Сачин (Ҳиндистон) 
-52 кг: Абдумалик Ҳалаков - Рютаро Накагаки (Япония) 
-64 кг: Билолбек Мирзараҳимов - Санъатали Тўлтаев (Қозоғистон) 
-69 кг: Фарруҳ Илҳомов - Перапат Ясунгнеон (Таиланд) 
-75 кг: Ражаббой Атаназаров - Чао Жу (Хитой) 
-81 кг: Тимур Эргашев - Ризо Ҳасан (Эрон) 
-91 кг: Профсор Роримша - Данила Семенов (Қозоғистон) 
+91 кг: Лазизбек Мулложонов - Нардаулат Уланули (Қозоғистон)  

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионатида қайд этаётган натижаси мамлакатимизда ўзбек боксининг мустаҳкам ва бой анъаналарини давом эттира оладиган, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир ёш чарм қўлқоп усталари етишиб чиқаётганидан далолат беради. Маълумот учун, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қитъамизнинг 23 та мамлакатидан 120 нафар боксчилар иштирок этишмоқда.