Янгиликлар 2017 йил
04.07.2017 17:13:00

Мираброр Усмонов 70 ёшни қарши олди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини 2013-2016 йилларда бошқарган Мираброр Усмонов қутлуғ 70 ёшни қарши олдилар. Мираброр Зуфарович фаолиятлари давомида бир қатор маъсулиятли вазифаларда хизмат қилиб, бошқалар учун ибрат ва намуна бўлгувчи шарафли йўлни босиб ўтдилар. Улардаги ташкилотчилик, ташаббускорлик ҳамда катта ҳаётий тажриба, ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳам Республикамиз Президенти ва Ҳукумати томонидан қўйилган вазифаларни тўғри ва бекаму қўст бажарилишида муҳим аҳамият касб этган.  



Қаерда, қайси лавозимда фаолият кўрсатишларидан қатъий назар, ўзларини фақат ижобий томондан намоён этиб, ёшларга ўз меҳнатсеварликлари билан ўрнак бўлиб, обрў-эътиборга мушарраф бўлдилар. Хизматнинг турли жабҳаларида Республикамиз Мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, эл-юрт осойишталигини таъминлаш, Республикамиз довруғини ошириш борасида ўз касбининг билимдон раҳбари сифатида ном қозондилар. 



Олимипия қўмитасини гарчанд у қадар узоқ вақт бошқармаган бўлсаларда, миллат спорти тарихига ўз номларини олтин ҳарфлар билан ёздириб қўйишга муваффақ бўлдилар. Бугун шуни юксак фахр билан айта оламизки, бевосита Мираброр Усмонов раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Олимпия ўйинларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.  



Давлатимиз раҳбарияти ва шаҳсан Президентимизнинг бевосита қўллаб қувватлаши натижасида, шунингдек, Мираброр Зуфаровичнинг ташаббуслари билан ўзбек спорти тарихида биринчи марта Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган спортчилар ва уларни тарбиялаган мураббийларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш йўлга қўйилди. 



Спортчи ва мураббийларга кўрсатилган бундай ғамҳўрлик кейинчалик XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ўз мевасини берди. Ўзбекистон делагацияси Рио-де-Жанейро мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза, жами 13 та медаль билан 207 мамлакат вакиллари орасида 21-ўринни эгаллади. Демак, айнан Мираброр Усмонов раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Олимпия ўйинларидаги самардорлигини ҳам сифат, ҳам сон жиҳатидан икки марта яхшилашга эришди. 



Мираброр Усмоновнинг хизматлари Ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, улар турли йилларда қуйидаги орден ва фахрий унвонларга сазовор бўлганлар: 

“Меҳнат Шуҳрати” ордени (1995 й.) 
Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи (1997 й.) 
“Фидокорона хизматлари учун” ордени (2007 й.) 
“Эл-юрт ҳурмати” ордени (2011 й.) 
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвони (2016 й.) 
“Дўстлик” ордени (2017 й.) 

Мираброр Зуфарович шунингдек, Халқаро футбол федерациялар Ассоциацияси (ФИФА)нинг “Хизматлари учун” ҳамда Осиё Олимпия Кенгашининг “Олтин ордени” билан тақдирланганлар. 



Миллий олимпия қўмитаси, камтарин инсон, меҳрибон раҳбар, ўз касбига меҳр қўйган кучли профессионал шахс сифатида танилган Мираброр Зуфарович Усмоновни табаррук 70 ёши билан муборакбод этади. 

                                                                      Қадрли Мираброр Зуфарович! 

Сизга боқий ва сермазмун умр, сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик тилаб, Ватанимиз равнақи йўлидаги фаолиятингизда омадлар тилаймиз. Ўсиб келаётган ёш авлодга мазмунли хаётий тажрибангиз билан муносиб ўрнак бўлиб хизмат қилишни, хамиша халқимиз ардоғида бўлиб юришингизни яратгандан сўраб қоламиз. 

                                                                  Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси жамоаси