Янгиликлар 2017 йил
19.05.2017 20:32:00

IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг еттинчи куни делегациямиз учун сифат жиҳатидан энг сермаҳсули бўлди

Озарбайжон пойтахтида давом этаётган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг еттинчи куни ўзбекистонлик спортчилар учун ҳар жиҳатдан омадли ва барокатли келди. Мусобақанинг дастлабки олти кунида жами 8 та олтин медалга сазовор бўлган ҳамюртларимиз, еттинчи кун давомида 6 та олтинга эга чиқишди.  



Шубҳасиз, кун қахрамонлари боксчиларимиз бўлишди. Зеро финалга қадар етиб келган уччала боксчимиз ўз рақиблари устидан ғалаба қозониб, делегациямизга бир йўла 3 та олтин медални тақдим этишди. 



56 кг. вазн тоифасида рингга кўтарилган Абдулҳай Шараҳматов финалда туркманистонлик Ёқуб Мередовга қарши жанг ўтказди. Баҳс давомида ташаббусга эга бўлган ҳамюртимиз рақибини ортиқча қийинчиликсиз таслим этиб IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг олтин медалига сазовор бўлди. 



64 кг. вазн тоифасидаги боксчилар баҳсида олтин медаль учун жанг ўзбекистонлик Алиёр Норалиев ва мисрлик Муҳаммад Эслан ўртасида кечди. Алиёр финал баҳсида ўзбек бокс мактабининг довруғи бутун дунёга машҳур эканлигини яна бир бор амалда исботлади ва рақиби устидан соф ғалабага эришиб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтинни қўшиб қўйди. 



Кечаги куннинг энг драматик жангги 69 кг. вазн тоифасида ҳамюртимиз Бобо-Усмон Батруов ва мезбонлар вакили Тамерлан Абдуллаев ўртасида бўлиб ўтди. Ҳамюртимиз илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олди ва рақибига бир неча аниқ зарбалар беришга муваффақ бўлди. 



Аммо озарбайжонлик боксчини бутун зал қўллаб қувватлаб турди. Бу эса Батуровга қўшимча босим ўтказмай қолмади. Бобо-Усмон шунга қарамай ташаббусни қўлдан бермади ва якунда хақли равишда ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди. 



Боксчиларимизнинг финал учрашувларини бевосита кузатиш учун, “Crystal Hall” аренасига Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулотда ва Муҳтор Элчиси Шерзод Файзиев ҳам ташриф буюрди. Беллашувлар якунлангач Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов унга қўмитанинг эсдалик нишонини топширди. 



Мусобақанинг еттинчи кунида таэквондочиларимиз ҳам муваффақиятли иштирок этишди ва делегациямиз ҳисобига битта олтин, битта кумуш медалларини қўшиб қўйишди. Вазни 74 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида Никита Рафалович бирорта ҳам жангни бой бермади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Умида Абдуллаева эса -62 кг. вазн тоифасида кумуш медалини қўлга киритди. 



Енгил етлетика бўйича беллашувларда Надия Дусанова баландликка сакраш бўйича энг яхши натижани қайд этиб, 1 метру 80 сантимер баландликни забт эта олди ва якунда олтин медалга сазовор бўлди. Бир кун аввал 100 метрга югуриш баҳсларида кумуш медалига эга чиққан Нигина Шарипова эса 200 метр масофага ўтказилган баҳсларда бронза медали билан тақдирланди. 



Пара-атлетика бўйича мусобақаларда Рио-2016 Паралимпия ўйинларининг чемпиони Александр Свечников найза улоқтириш баҳсларида 70 метр натижа билан нафақат IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг олтин медалини қўлга киритди, балки ушбу натижаси эвазига жаҳон рекордини ҳам янгилади. 



Юнон-рум курашида 130 кг. вазн тоифасида гиламга чиққан Мўминжон Абдуллаев ярим финалда мезбонлар вакили, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Шариати Сабаҳни мағлуб этиб яхшигина шов-шув кўтарганди. Аммо ҳал қилувчи финал баҳсида туркиялик Осман Йилдиримга имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан чекланди. 



Ана шу тариқа 7 кун якунларига кўра спортчиларимиз ҳисобидаги медаллар сони 54 тага етди. Уларнинг 14 таси олтин, 14таси кумуш ва 26 таси бронза медалларидир. Мусобақалар давом этади.  



Демак айни вақтга қадар қуйидаги спортчиларимиз IV “Ислом бирдамлик ўйинларида медалларга сазовор бўлишди: 

Садриддин Сайматов – (каратэ, -60 кг.) - олтин 
Гулноза Матниёзова – (дюздо, -70 кг.) - олтин 
Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - олтин 
Шуҳрат Бобоев (пара-дзюдо, -90 кг.) - олтин 
Ширин Шарипов (пара-дзюдо, +100 кг.) - олтин 
Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси) - олтин 
Ниёз Пўлатов (таэквондо, - 58 кг.) - олтин 
Рустам Жангабаев (оғир атлетика, +105 кг.) - олтин 
Абдулҳай Шарахматов (бокс, 56 кг.) - олтин 
Алиёр Норалиев (бокс, 64 кг.) - олтин 
Бобо-Усмон Батуров (бокс, 69 кг.) - олтин  
Надия Дусанова (енгил атлетика, баландликка сакраш) - олтин  
Александр Свечников (пара-атлетика, найза улоктириш) - олтин 
Никита Рафалович (таэквондо, -74 кг.) - олтин 

Бадиий гимнастика (терма жамоа) - кумуш 
Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - кумуш (2 та) 
Феруз Сайидов (пара-дзюдо, -73 кг.) - кумуш 
Теннис (аёллар терма жамоаси) - кумуш 
Кумуш Файзуллаева (оғир атлетика, -63 кг.) - кумуш 
Улуғбек Алимов (оғир атлетика, -85 кг.) - кумуш 
Фарходбек Собиров (оғир атлетика, -94 кг.) - кумуш 
Сабина Шарипова (енгил атлетика, 100 м) - кумуш 
Исломжон Бахромов (юнон-рум кураши, 59 кг.) - кумуш 
Дмитрий Шокин (таэквондо, +87 кг.) - кумуш 
Мансур Абдурашидов (пара-атлетика, 100 м) - кумуш  
Муминжон Абдуллаев  (юнон-рум кураши, 130 кг) - кумуш 
Умида Абдуллаева (таэквондо, 62 кг.) - кумуш 

Саидхон Сайфуддинов (ўқ отиш) - бронза 
Сакина Мамедова (ўқ отиш) - бронза 
Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо, -60 кг.) - бронза 
Гулруҳ Раҳимова (пара-дзюдо, -70 кг.) - бронза 
Достонбек Отаболаев (каратэ, 75 кг.) - бронза 
Барно Мирзаева (каратэ, -61 кг.) - бронза 
Абдулазиз Атабаев (карате, -84 кг.) - бронза 
Сабина Ташкенбаева (бадиий гимнастика) - бронза (2 та) 
Муаттар Набиева (оғир атлетика, -58 кг.) - бронза 
Давлатбек Бобонов (дзюдо, -81 кг.) - бронза 
Бекмурод Олтибоев (дзюдо, +100 кг.) - бронза 
Дзюдо (эркаклар терма жамоаси) - бронза 
Дзюдо (аёллар терма жамоаси) - бронза 
Теннис (эркаклар терма жамоаси) - бронза 
Достон Ёқубов (оғир атлетика, 69 кг.) - бронза 
Манзура Мамасолиева (оғир атлетика, 69 кг.) - бронза 
Омадой Отақўзиева (оғир атлетика, 75 кг.) - бронза 
Мироншоҳ Ибрагимов (бокс, -49 кг.) - бронза 
Аброржон Қодиров (бокс, -52 кг.) - бронза 
Иван Ефремов (оғир атлетика, -105 кг.) - бронза 
Рустам Ассакалов (юнон-рум кураши, 98 кг.) - бронза 
Нигора Турсункулова (таэквондо, - 67 кг.) - бронза 
Максим Рафалович (таэквондо, - 80 кг.) - бронза 
Светлана Осипова (таэквондо, +73 кг) - бронза 
Нигина Шарипова (енгил атлетика, 200 метр) - бронза