Янгиликлар 2017 йил
19.05.2017 09:55:00

Ўзбекистонлик машҳур велопойгачи Жамолиддин Абдужабборов Наманганда бўлиб ўтган мусобақага борди

Юртимизга Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси таклифига биноан етиб келган Халқаро тоифадаги спорт устаси Жамолиддин Абдужабборов Наманган шаҳрида 15-19 май кунлари велоспортнинг трек йўналиши бўйича 2001-2002 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар, 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатини бевосита кузатиш учун гуллар шаҳрига ташриф буюрди. 



Мазкур мусобақадан кўзланган асосий мақсад велоспортнинг велотрек тури бўйича спортчилар малакасини ошириш ва пировардида улар орасида энг муносибларини миллий терма жамоа сафига жалб этишдан иборат эди. Жамолиддин Абдужабборов мусобақада иштирок этар экан, Ўзбекистон чемпионатини бевосита кузатиб, ёш иқтидорли спортчилар билан сухбатлашиш, уларнинг келажакдаги мақсадлари билан танишиш ҳамда бугунги кунда ёшлар ўртасида рақобат қанчалик кучли эканлигини ўрганишни мақсад қилганди. 



Айтиш керакки, мусобақа катта қизиқиш билан ўтказилди. Натижаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, ёшлар ўртасида 3 километрга жамоавий таъқиб пойгаларида Тимур Шукуров, Никита Стенковой, Егор Привалов, Дамир Забиров, Тимур Курбановлар ғолибликни қўлга киритишди. Ҳудди шу масофага ўсмирлар ўртасида ташкил этилган пойгаларда эса Арслан Гафаров, Сергей Гореликов, Давлатер Зарипов ва Альберт Асамовлар муваффақият қозонишди. Қизлар ўртасида ўтказилган баҳслар ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, 2001-2002-йилларда туғилган қизлар ўртасида 2 айланали жамоавий спринт пойгасида 1-ўринни Елена Захарова ва Янина Кусковалар банд этишди. Икки ёш кичик қизлар ўртасидаги пойгаларда эса София Каримова ва Анастасия Отченколар маррага биринчи бўлиб етиб келишди. 



Мусобақа доирасида шунингдек, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида 2 километрга яккалик таъқиб пойгаси, 18 айланали Скретч пойгалари, 10 айланали Скретч пойгалари, спринт пойгаси бўйича баҳслар ташкил этилди. Ўзбекистон чемпионатини бевосита кузатар экан, Жамолиддин Абдужабборов мусобақанинг умумий савияси ва ёш велосипедчиларнинг маҳоратига юқори баҳо берди. Шунингдек, мазкур спорт турини янада ривожлантириш борасидаги мавжуд имкониятлар ҳамда вилоят миқёсида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.