Янгиликлар 2017 йил
18.05.2017 12:08:00

Бокудаги мусобақанинг олтинчи кунида делегациямиз аъзолари 11 та медалга эга чиқишди. Саккинчи олтин оғир вазндаги полвонимиз Рустам Жангабаев ҳисобида

Озарбайжон пойтахтида давом этаётган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг олтинчи кунида ҳамюртларимиз спортнинг бир неча турларида кураш олиб боришди ва кун якунида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритишди. 



Делегациямиз ҳисобига саккизчи олтин медални оғир атлетикачимиз Рустам Жангабаев келтирди. +105 кг вазн тоифасида чиқиш қилган полвонимиз даст кўтаришда 193 кг, силтаб кўтаришда 238 кг, жами 431 кг тош кўтариб олтин медалга сазовор бўлди ва мусобақа рекордини ўрнатди. 



У асосий рақиби Теймури Ҳумоюнни нақд 17 килограммга ортда қолдирди. Спортнинг ушбу тури бўйича беллашувлар якунлангач Рустам Жангабаев шунингдек IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг энг яхши оғир атлетикачиси деб топилди ва махсус соврин билан тақдирланди. 



Кечадан спорт курашлари бўйича беллашувлар ҳам бошлаб юборилди. Дастлаб юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз аъзолари гиламга чиқишди. -59 кг вазн тоифасида кураш олиб борган Исломжон Баҳромов саралаш босқичидан муввафақиятли ўтиб финалга йўлланма олганди. Афсуски, ҳамюртимиз ҳал қилувчи баҳсда қирғизистонлик Канийбек Жолчибековга имкониятни бой бериб кумуш билан кифояланди. 



Таэквондо бўйича беллашувларда +87 кг. вазн тоифасида Дмитрий Шокин финалга қадар барча рақибларини мағлубиятга учратиб, ҳал қилувчи баҳсда анчагина тажрибали рақибга рўбаро келиб қолди. Ушбу вазн тоифасида олтин медаль тақдири жаҳон ва Европа чемпиони, Рио-2016 Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби, озарбайжонлик Радик Исаев ва жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик Дмитрий Шокин ўртасидаги жангда ҳал бўладиган бўлди. 



Рио-2016 Олимпия ўйинларида Озарбайжон делегациясининг ягона олтин медали эгаси Радик Исаев жангни ўз фойдасига ҳал қилди ва ўз шахсий коллекциясига IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди. Шокин эса кумуш медали билан тақдирланди. 



Яна бир кумуш медални делегациямизга пара-атлетикачимиз Мансур Абдурашидов келтирди. У 100 метр масофага югуриш бўйича баҳсларда маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медалига сазовор бўлди. 



Шунингдек, бокс бўйича баҳсларда ярим финалга йўлланма олган бешта вакилимиздан иккитаси – Мироншоҳ Ибрагимов (-49 кг.) ва Аброржон Қодиров (-52 кг.)лар бронза медали билан чекланишган бўлишса, уч нафар боксчимиз, яъни Абдулҳай Шорахматов (-56 кг.), Алёр Норалиев (-64 кг.) ва Бобо-Усмон Батуров (-69 кг) финалга йўлланма олишди. Улар бугун олтин медал учун рингга кўтарилишади. 



Таэквондо бўйича баҳсларда Нигора Турсунқулова (-67 кг.), Светлана Осипова (+73 кг.) ва Максим Рафалович (-80 кг.)лар ярим финалда рақибларига имкониятни бой бериб бронза медаллари билан чекланишди. Эътиборлиси, Максим Рафалович мусобақанинг бронза медалини шахсан Озарбайжон Республикаси Президенти Илхом Алиевдан қабул қилиб олди. 



Шунингдек, кечаги баҳслар якунига кўра оғир атлетикачимиз Иван Ефремов (-105 кг.) ва юнон-рум курашчимиз Рустам Ассакалов (-98 кг.)лар делегациямиз ҳисобига навбатдаги бронза медалларини қўшиб қўйишди. 



Бугун, айтиб ўтганимиздек уч нафар боксчимиз финал жангларини ўтказишади. Шунингдек, таэквондо бўйича баҳсларда Умида Абдуллаева (-62 кг.) ва Никита Рафалович (-74 кг.)лар даянга чиқишади. Енгил атлетикада Надия Дусанова ва Суҳроб Хўжаевлар ўз иштирокларини бошлашса, Нигина Шарипова 200 метр масофага югуриш бўйича финал баҳсида иштирок этади. 



Теннис бўйича Сергей Фомин, Камола Умарова ва Султонбеков/Саидкаримов жуфтлиги навбатдаги учрашувларни ўтказишади. Юнон-рум курашида эса Мирзобек Раҳматов (-66 кг.) ва Мўминжон Абдуллаев (130 кг.)лар гиламга чиқишади. Александр Свечников пара-атлетлар ўртасида найза улоқтириш бўйича ўз омадини синаб кўради. Биз спортчиларимизга бугунги беллашувларда ҳам муваффақиятли иштирок ва қўша-қўша медаллар тилаб қоламиз. 

Демак айни вақтга қадар қуйидаги спортчиларимиз IV “Ислом бирдамлик ўйинларида медалларга сазовор бўлишди: 

Садриддин Сайматов – (каратэ, -60 кг.) - олтин 
Гулноза Матниёзова – (дюздо, -70 кг.) - олтин 
Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - олтин 
Шуҳрат Бобоев (пара-дзюдо, -90 кг.) - олтин 
Ширин Шарипов (пара-дзюдо, +100 кг.) - олтин 
Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси) - олтин 
Ниёз Пўлатов (таэквондо, - 58 кг.) - олтин 
Рустам Жангабаев (оғир атлетика, +105 кг.) - олтин 

Бадиий гимнастика (терма жамоа) - кумуш 
Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - кумуш (2 та) 
Феруз Сайидов (пара-дзюдо, -73 кг.) - кумуш 
Теннис (аёллар терма жамоаси) - кумуш 
Кумуш Файзуллаева (оғир атлетика, -63 кг.) - кумуш 
Улуғбек Алимов (оғир атлетика, -85 кг.) - кумуш 
Фарходбек Собиров (оғир атлетика, -94 кг.) - кумуш 
Сабина Шарипова (енгил атлетика, 100 м) - кумуш 
Исломжон Бахромов (юнон-рум кураши, 59 кг.)- кумуш 
Дмитрий Шокин (таэквондо, +87 кг.) - кумуш 
Мансур Абдурашидов (пара-атлетика, 100 м) - кумуш 

Саидхон Сайфуддинов (ўқ отиш) - бронза 
Сакина Мамедова (ўқ отиш) - бронза 
Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо, -60 кг.) - бронза 
Гулруҳ Раҳимова (пара-дзюдо, -70 кг.) - бронза 
Достонбек Отаболаев (каратэ, 75 кг.) - бронза 
Барно Мирзаева (каратэ, -61 кг.) - бронза 
Абдулазиз Атабаев (карате, -84 кг.) - бронза 
Сабина Ташкенбаева (бадиий гимнастика) - бронза (2 та) 
Муаттар Набиева (оғир атлетика, -58 кг.) - бронза 
Давлатбек Бобонов (дзюдо, -81 кг.) - бронза 
Бекмурод Олтибоев (дзюдо, +100 кг.) - бронза 
Дзюдо (эркаклар терма жамоаси) - бронза
Дзюдо (аёллар терма жамоаси) - бронза 
Теннис (эркаклар терма жамоаси) - бронза 
Достон Ёқубов (оғир атлетика, 69 кг.) - бронза 
Манзура Мамасолиева (оғир атлетика, 69 кг.)- бронза 
Омадой Отақўзиева (оғир атлетика, 75 кг.) - бронза 
Мироншоҳ Ибрагимов (бокс, -49 кг.) - бронза 
Аброржон Қодиров (бокс, -52 кг.) - бронза 
Иван Ефремов (оғир атлетика, -105 кг.) - бронза 
Рустам Ассакалов (юнон-рум кураши, 98 кг.) - бронза 
Нигора Турсункулова (таэквондо, - 67 кг.) - бронза 
Максим Рафалович (таэквондо, - 80 кг.) - бронза 
Светлана Осипова (таэквондо, +73 кг) - бронза