Янгиликлар 2017 йил
16.05.2017 23:59:00

Оксана Чусовитина ва Ниёз Пўлатов Ўзбекистон делегациясининг IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” даги навбатдаги олтин медаль соҳиблари

Бокуда давом этаётган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” ўзининг энг қизғин палласига кирди. Мусобақанинг сўнгги икки кунида спортчиларимиз сермаҳсул иштирокларини давом эттиришди ва 2 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритишди. 



Спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Оксана Чусовитина ўзининг севимли йўналиши таяниб сакрашда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб финалга йўлланма олганди. Ҳал қилувчи босқичда ҳам Оксана муваффақиятли иштирок этди ва қатнашчилар орасида энг яхши натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу делегациямизнинг мусобақадаги олтинчи олтини бўлди. 



Бугундан таэквондочиларимиз ҳам беллашувларни бошлаб беришди. 58 кг вазн тоифасида кураш олиб борган Ниёз Пўлатов финалга қадар барча рақибларини мағлуб этди. Олтин медаль учун баҳсда ҳамюртимиз Лакехал Омарга қарши даянга чиқиши керак эди. Аммо марокашлик спортчи ярим финал баҳсида жиддий жароҳат олиб финалда иштирок эта олмаслиги ойдинлашди. Натижада Ниёз Пўлатов олтин, Лакехал Омар эса кумуш медалга лойиқ кўрилишди. 



Теннисчиларимиз жамоавий баҳслар якунига кўра кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. Сабина Шарипова, Камола Умарова ва Полина Маренковалардан иборат аёллар терма жамоамиз финалга қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Туркия терма жамоасига имкониятни бой беришди ва кумуш медаль билан чекланишди.  



Эркаклар терма жамоасида Саидаъло Саидкаримов, Акмал Султонбеков ва Сергей Фоминлар юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. Бронза медали учун кечган беллашувда йигитларимиз Қатар термаси устидан зафар қучишди ва жамоавий баҳсларни учинчи ўринда якунлашди. 



Бугундан шунингдек енгил атлетика бўйича мусобақаларга старт берилди. 100 метрга югуриш баҳсларида ҳамюртимиз Нигина Шарипова маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва делегациямизга навбатдаги кумуш медални тақдим этди. 



Оғир атлетикачиларимиз икки кун ичида делегациямиз ҳисобига 6 та медаль қўшиб қўйишди. Уларнинг учтаси кумуш, яна учтаси бронза медалларидир. Хотин-қизлар ўртасида 63 кг. вазн тоифасида иштирок этган Кумушхон Файзуллаева, эркаклар ўртасида 85 кг. вазндаги Улуғбек Алимов ва 94 кг вазнга эга полвонлар баҳсида Фарходбек Собировлар кумуш медалга сазовор бўлишди. 



Достон Ёқубов (69 кг.), Манзура Мамасолиева (69 кг) ва Омадой Отақўзиева (75 кг) лар эса бронза медаллари билан кифояланишди. Дзюдо бўйича жамоавий баҳслар якунига кўра ҳар иккала терма жамоамиз, яъни эркаклар ва аёллар терма жамоалари бронза медалига сазовор бўлишди. 



Демак, IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг бешинчи кун якунлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 34 тага етди. Уларнинг 7 таси олтин, 9 таси кумуш, 18 таси бронза медалларидир. Делегациямиз 54 та мамлакат вакиллари орасида ҳозирча Туркия, Озарбайжон ва Эрондан сўнг 4-ўринда бормоқда. 



Эртадан эркин ва юнон-рум кураши бўйича беллашувлар старт олади. Боксчиларимизнинг 5 нафари эса ярим финалга йўлланма олишди. Демак улар камида бронза медалларини нақд қилиб улгуришди. Аммо биз боксчиларимиздан олтин медалларни кутиб қоламиз. Шунингдек, эртага оғир атлетика бўйича асосий кучимиз саналган Рустам Жангабаев ва Иван Ефремовлар чиқиш қилишади. Таэквондо баҳсларида эса Дмитрий Шокин, Максим Рафалович, Нигора Турсунқулова ва Светлана Осиповалар иштирокларини бошлашади. Бизни ушбу спортчиларимиздан ҳам умидимиз катта. Шундай экан эртанги баҳсларда уларга омад ва зафарлар тилаб қоламиз. 



Демак айни вақтга қадар қуйидаги спортчиларимиз IV "Ислом бирдамлик ўйинлари"да медалларга сазовор бўлишди: 

Садриддин Сайматов – (каратэ, -60 кг.) - олтин 
Гулноза Матниёзова – (дюздо, -70 кг.) - олтин 
Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - олтин 
Шуҳрат Бобоев (пара-дзюдо, -90 кг.) - олтин 
Ширин Шарипов (пара-дзюдо, +100 кг.) - олтин 
Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси) - олтин 
Ниёз Пўлатов (таэквондо, - 58 кг.) - олтин 

Бадиий гимнастика (терма жамоа) - кумуш 
Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - кумуш (2 та) 
Феруз Сайидов (пара-дзюдо, -73 кг.) - кумуш 
Теннис (аёллар терма жамоаси) - кумуш 
Кумуш Файзуллаева (оғир атлетика, -63 кг.) - кумуш 
Улуғбек Алимов (оғир атлетика, -85 кг.) - кумуш 
Фарходбек Собиров (оғир атлетика, -94 кг.) - кумуш 
Сабина Шарипова (енгил атлетика, 100 м) - кумуш 

Саидхон Сайфуддинов (ўқ отиш) - бронза 
Сакина Мамедова (ўқ отиш) - бронза 
Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо, -60 кг.) - бронза 
Гулруҳ Раҳимова (пара-дзюдо, -70 кг.) - бронза 
Достонбек Отаболаев (каратэ, 75 кг.) - бронза 
Барно Мирзаева (каратэ, -61 кг.) - бронза 
Абдулазиз Атабаев (карате, -84 кг.) - бронза 
Сабина Ташкенбаева (бадиий гимнастика) - бронза (2 та) 
Муаттар Набиева (оғир атлетика, -58 кг.) - бронза 
Давлатбек Бобонов (дзюдо, -81 кг.) - бронза 
Бекмурод Олтибоев (дзюдо, +100 кг.) - бронза 
Дзюдо (эркаклар терма жамоаси) - бронза 
Дзюдо (аёллар терма жамоаси) - бронза 
Теннис (эркаклар терма жамоаси) - бронза 
Достон Ёқубов (оғир атлетика, 69 кг.) - бронза 
Манзура Мамасолиева (оғир атлетика, 69 кг.) - бронза 
Омадой Отақўзиева (оғир атлетика, 75 кг.) - бронза