Янгиликлар 2017 йил
13.05.2017 23:56:00

Садриддин Сайматов IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”да Ўзбекистон делегациясининг илк олтин медали эгасига айланди

Озарбайжон пойтахтида давом этаётган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг бугунги куни делегациямиз учун сермаҳсул бўлди. Ҳамюртларимиз бугуннинг ўзида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медалларига сазовор бўлишди. 



Каратэ бўйича -60 кг. вазн тоифасида финал беллашуви ҳамюртимиз Садриддин Сайматов ва туркиялик Кайя Айкут ўртасида кечди. Кескин ва муросасиз руҳда ўтган баҳс якунланишига 2 сония қолганида ҳам Садриддин 1:2 ҳисобида орқада бораётганди. Аммо сўнгги сонияда у ўзининг аниқ зарбаси эвазига иппон баҳоси ишлаб олди ва қўлга киритилган 3 очко эвазига баҳсни 4:2 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб, олтин медаль соҳибига айланди. 



Сайматовнинг медали Ўзбекистон делегациянинг “Ислом бирдамлик ўйинлари”даги илк олтин соврини сифатида тарихда қолади. Барча юртдошларимизни ушбу муваффақият билан табриклаймиз! 



Кумуш медалини бадиий гимнастика бўйича терма жамоамиз аъзолари жамоавий баҳслар якунига кўра қўлга киритишди. Анастасия Сердюкова, Нуриниссо Усмонова ва Сабина Ташкенбаевалардан иборат жамоамиз фақатгина очколар ҳисобида мусобақа мезбонлари Озарбайжонлик рақибларидан ортда қолиб кумуш медалига сазовор бўлишди. Туркия терма жамоасига бронза медали насиб қилди. Эртага қизларимиз копток, халқа, булава ва тасмада яккалик финал баҳсларида иштирок этадилар. 



Бугун шунингдек, мерганларимиз бир йўла 2 та бронза медалига эга чиқишди. Пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича 10 метр масофага ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Саидхон Сайфуддинов бронза медалини қўлга киритди. Туркиялик Акгун Омар ва бангладешлик Муҳаммад Мунна мазкур йўналишда мос равишда олтин ва кумуш медалларига сазовор бўлишди. 



Мусобақада шунингдек яна икки нафар ҳамюртларимиз Вадим Скороваров ва Суҳробжон Мирзажоновлар иштирок этишди. Баҳслар якунига кўра Скороваров 7-ўрин билан кифояланди. “Baku Shooting Center” мажмуасида аёллар ўртасида ўтказилган беллашувларда эса 10 метр масофага пневматик милтиқдан ўқ отиш беллашувларида ўзбекистонлик Сакина Мамедова эронлик икки рақиблари Нежад Имамгули ва Аҳмади Элахехландан сўнг учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалига лойиқ кўрилди. 



Делегациямиз ҳисобига учинчи бронза медалини дзюдочимиз, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Диёрбек Ўрозбоев келтирди. У илк жангида қозоғистонлик Бауржан Жайнтаевни иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди. Аммо кейинги босқичда туркиялик Бекир Ўзлуга имкониятни бой берди, лекин шунга қарамай бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолди. Ҳал қилувчи баҳсда марокашлик Й. Мудатир устидан зафар қучган Диёрбек худди Риода бўлгани каби бу сафар ҳам бронза билан кифояланди. 



Бугун шунингдек, пара-дзюдо бўйича -70 кг вазн тоифасида кураш олиб борган Гулруҳ Раҳимова бронза медали учун бўлиб ўтган жангда туркиялик Узгурюк Айтенни мағлубиятга учратиб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги медални қўшиб қўйди. 



Яна иккита бронза медаллари каратэчиларимиз ҳиссасига тўғри келади. Аёллар ўртасида Барно Мирзаева (-61 кг), эркаклар ўртасида Достонбек Отаболаев (-75 кг) лар бронза медалларига эга чиқиб, делегациямиз медаллар жамланмасини янада бойитишди. 



Хабар бериб ўтганимиздек IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг теннис бўйича мусобақаларида эркаклар терма жамоамиз илк учрашувини кеча Туркманистон терма жамоасига қарши ўтказган, уларда Саидаъло Саидкаримов рақиби Георгий Почай устидан 3:6, 6:4, 7:5 ҳисобларида зафар қучган, яна бир теннисчимиз Сергей Фомин эса Юрий Рогусскийга 2:6, 6:4, 4:6 ҳисобларида ютказиб қўйганди. 



Натижада туркманистонлик теннисчилар ҳисобни тенглаштириб олишганди. Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс тақдирини ҳал қиладиган жуфтликлар ўртасидаги бахс кеча Бокудаги ноқулай об ҳаво шароити туфайли ўтказилмай қолганди. Ушбу учрашув бугун бўлиб ўтди ва унда Саидкаримов/Султонбеков жуфтлиги Рогусский/Гурбанов жуфтлига қарши кураш олиб боришди. Теннисчиларимиз ҳар иккала сетда 6:3, 6:4 ҳисобларида ғалаба қозониб учрашувни ўз фойдаларига ҳал қилишди. 



Демак 3 та ўйин натижасига кўра ҳисоб 2:1 Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига. Ҳудди қизларимиз каби йигитларимиз ҳам кейинги босқичга йўлланма олишди. Эслатиб ўтамиз қизларимиз кеча мусобақадаги илк ўйинларида мезбонлар – Озарбайжонлик теннисчилар устидан 3:0 ҳисобида зафар қучишганди. 

Камола Умарова (UZB) – Алина Гавриш (AZE) 6:2, 6:0 
Сабина Шарипова (UZB) – Умайра Хашимова (AZE) 6:1, 6:1 
Умарова/Меренкова (UZB) – Хашимова/Сафарова (AZE) 6:2, 6:0 

Демак айни вақтга қадар қуйидаги спортчиларимиз IV “Ислом бирдамлик ўйинларида медалларга сазовор бўлишди: 

Садриддин Сайматов – (каратэ, 60 кг.) - олтин 
Бадиий гимнастика (терма жамоа) - кумуш 
Саидхон Сайфуддинов (ўқ отиш) - бронза 
Сакина Мамедова (ўқ отиш) - бронза 
Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо, -60 кг.) - бронза 
Гулруҳ Раҳимова (пара-дзюдо, -70 кг.) - бронза 
Достонбек Отаболаев (каратэ, 75 кг.) - бронза 
Барно Мирзаева (каратэ, 61 кг.) - бронза