Янгиликлар 2017 йил
08.04.2017 12:15:00

Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида делегациямиз ҳисобига илк медални Кумушхон Файзуллаева тақдим этди

Хабар бериб ўтганимиздек, 4 апрель куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олди. Мусобақада 57 та давлатдан 445 нафар спортчилар ғолиблик учун куч синашишмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам мусобақада тўлиқ таркибда иштирок этмоқда. 10 апрелга қадар давом этадиган мусобақада қуйидаги спортчиларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишяпти: 

1. Саидмухтор Саидахроров        (94 кг)
2. Азамат Рамазанов                     (62 кг)
3. Асадбек Нариманов                  (62 кг)
4. Муҳаммадқодир Тоштемиров  (69 кг)
5. Александр Ли                            (94 кг)
6. Сарвар Тоштемиров                  (69 кг)
7. Дилмурод Салимов                   (77 кг)
8. Азимжон Ходжиев                    (85 кг)

9. Долера Давронова                     (+75 кг)
10. Гулноза Ахмадова                   (75 кг)
11. Зухра Отажонова                     (48 кг)
12. Шахлохон Абдуллаева            (58 кг)
13. Турсуной Жабборова              (69 кг)
14. Кумушхон Файзуллаева          (58 кг)
15. Шодмоной Очилова                (75 кг)
16. Зарнигор Абдурахмонова       (63 кг)



Бу сафарги жаҳон чемпионатида делегациямизга илк медални қизлар ўртасида 58 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Кумушхон Файзуллаева тақдим этди. У даст кўтаришда 79, силтаб кўтаришда эса 106 килограмм оғирликни бўйсидира олди. Кумушхон силтаб кўтаришда кумуш медалга лойиқ кўрилган бўлса, якунда умумий 185 килограмм натижаси билан бронза медалига сазовор бўлди. 



Таъкидлаш лозимки ушбу вазн тоифасида 38 нафар спортчи қизлар иштирок этган бўлишса, медаллар учун асосий кураш Ўзбекистон, Туркия, Украина, Руминия, Таиланд ва Белорус терма жамоалари ўртасида кечди. Якунда туркиялик Нурай Левент 191 кг. натижа билан олтин, украиналик Мария Ханхур 186 кг. кўрсаткич билан кумуш, ўзбекистонлик Кумушхон Файзуллаева эса 185 кг. натижаси билан бронза медалини қўлга киритишди. 



Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган қолган вакилларимиз ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун кураш олиб боришмоқда. Кеча ўсмирлар ўртасида А гуруҳида финал босқичининг 69 кг. вазн тоифасида қатнашган ҳамюртимиз Сарвар Тоштемиров афсуски рақибларига имкониятни бой бериб, совриндорлар орасига кира олмади. 



Бангкокдаги жаҳон чемпионатининг биз учун эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур жаҳон чемпионатида 2018 йилда Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензиялар ўйналади. Маълумотларга кўра, жаҳон чемпионатида 1-7 ўринни эгаллаган терма жамоалар 2+2 кўринишида лицензияларга эга бўлишади. 



Яъни умумжамоа ҳисобида кучли еттиталикка кирган давлатлар учун 2 та ўғил болалар ва 2 та қизлар учун ўсмирлар Олимпия ўйинлари йўлланмаси ажратилади. 8-17 ўринларни банд этган терма жамоаларга эса 1+1 кўринишида йўлланмалар тақсимланади.