Янгиликлар 2017 йил
06.04.2017 15:38:00

Қаршида футбол мухлислари учун ажойиб совға ҳозирланмоқда

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида қурилиш-таъмирлаш ишлари авжида. Ушбу аренада катта кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Воҳанинг бош аренасида югуриш йўлакчалари олиб ташланиб, уларнинг ўрнига қўшимча трибуналар ўрнатилмоқда. 



Стадион дунё стандартларига мос равишда фақат футбол учун мўлжалланган аренага айлантирилмоқда. Бу энг аввало стадионга ташриф буюрувчи ишқибозларга янада қулайлик яратиш, қолаверса аренада мухлислар сиғимини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. 



Маълумки Қашқадарёда футболни севишади. “Насаф” жамоасининг уй учрашувларига минглаб ишқибозлар ташриф буюришади ва айрим ҳолларда стадион ўз бағрига кўпгина мухлисларни сиғдира олмай қолаётганди. Янги лойихага кўра “Марказий” стадионда ўриндиқлар сони 20500 тани ташкил этади. Қолаверса, таъмирлаш ишлари баҳонасида стадион инфратузилмаси тубдан янгиланади. 



Майдоннинг дренаж тизими ва майсаси ҳам янгиланди. Барчага маълумки сифатли футбол намойиш этиш учун майдон майсаси алоҳида аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам “Марказий” стадион чими бу соҳада катта тажрибага эга бўлган кореялик мутахассислар томонидан тўшалди. 



“Ўтган йили Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё вилоятига қилган сафарлари пайтида бизнинг стадионга ҳам ташриф буюрдилар ва бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Стадионнинг умумий инфтратузилмаси, майдон сифати, ишқибозлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирар эканлар, аренани таъмирлаш кераклиги, ўриндиқлар сонини ошириш ва бунинг учун бесамар турган югуриш йўлакчаларидан воз кечиш зарурлигини таъкидладилар.  



Кейинчалик биз таъмирлаш ишлари бўйича махсус лойиха ишлаб чиқдик ва унга кўра стадион бутунлай футбол майдонига мослаштириладиган бўлди. Бугун биз шуни юксак ғурур ва ифтихор билан айта оламизки янги стадионимиз лойихаси шахсан Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуслари асосида дунёга келди. Биз биринчи Президентимизни доимо қалбимизда сақлаймиз, уларнинг хотиралари олдида бош эгамиз, стадионимиз музейида эса Ислом Каримовга аталган алоҳида бурчак ташкил этишни режалаштирганмиз. 



Орадан кўп ўтмай Қарши шаҳрига ўша пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳозирда эса Президентимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев ташриф буюрдилар, стадионнинг реконструкция лойиҳаси билан танишиб чиқдилар, бу ерда энг аввало ишқибозлар учун керакли шароитларни ҳозирлаш, ишни дунё стандартлари асосида ташкил этиш, инфратузилмани янада ривожлантириш борасида зарур кўрсатмалар бердилар ва бу ишларни шахсан ўз назоратларига олдилар. Ана шу тариқа қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаб юбордик” – дейди “Насаф” футбол клуби Бош менежери Шамиль Ярулин. 



“Марказий” стадионда ҳозирда режадаги ишлар 60 % га бажариб бўлинди. Қурилиш-бетон ва оғир ишлар деярли якунланди. Буёғига асосан пардозлаш ишлари қолди ва режага кўра барча ишлар май ойининг оҳирига қадар якунланиши ва стадион тўлик фойдаланишга топширилиши лозим. Аммо майдон майсасининг яхшилаб илдиз отиб олиши ва бир неча мавсум давомида ўз сифатини сақлаб туриши учун “Насаф” клуби янги стадионда илк учрашувни иккинчи давра бошида, яъни август ойида ўтказишни режалаштирмоқда. 



Шак шубҳа йўқки, реконстукция ишлари якунлангач Қарши “Марказий” стадиони нафақат мамлакатимизнинг, балки Марказий Осиёнинг энг шинам ва кўркам ареналаридан бирига айланади.

                                Зафар Имомхўжаев