Янгиликлар 2017 йил
20.03.2017 17:35:00

Садриддин Сайматов каратэ бўйича жаҳон Премьер Лигасининг иккинчи босқичида ҳам олтин медалга сазовор бўлди

Голландиянинг Роттердам шаҳрида каратэ бўйича Dutch Open жаҳон Премьер Лигасининг 2-босқичи якунланди. Мазкур мусобақада дунёнинг 76 та мамлакатидан 1100 дан зиёд спортчилар иштирок этишди. Қувонарлиси, Премьер Лиганинг 2-босқичида Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийси Ўктам Бекпўлатовнинг шогирди, термизлик Садриддин Сайматов қаторасига иккинчи босқичда олтин медалга сазовор бўлди. 



Роттердамдаги “Topsportzenturm Rotterdam” аренасида Сайматов финалга қадар Қозоғистон, Бельгия, Англия, Италия, Саудия Арабистони вакилларини, ярим финалда эса каратэ ватани ҳисобланган Япония терма жамоаси аъзоси Наото Сагони 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, камида кумуш медални нақд қилганди. Ҳал қилувчи беллашувда эса ҳамюртимиз Премьер Лиганинг тўрт карра ғолиби, жаҳон чемпионатлари совриндори, латвиялик Калвинс Калнинс устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори қисмидан жой олди ва кетма кет Премьер Лиганинг иккинчи босқичини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. 


 
19 ёшли Садриддин Сайматов халқаро майдондаги зафарли юришини ўтган йили Португалияда бўлиб ўтган талабалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритишдан бошлаганди. Кейинчалик юртдошимиз Индонезияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Парижда ташкил этилган Премьер Лиганинг биринчи босқичида ҳам олтин медаль билан тақдирланди. Энди эса Голландиядаги турнирдан яна бир олтин билан қайтмоқда. 



Ҳозирда ўзбек каратэси тарихида биринчи марта ватандошимиз жаҳон рейтингида биринчи ўринда бормоқда ва ушбу натижасини сақлаб қола олса Токио 2020 Олимпия ўйинлари лицензиясига эга бўлиши шубҳасиз. Умид қиламизки, Садриддин Олимпия ўйинларига нафақат лицензияни қўлга киритади, балки кунчиқар юртдан ҳам олтин медаль билан қайтади.



Шунингдек, Роттердамдаги турнир давомида Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раҳбари Аламжон Муллаев ва Бутунжаҳон каратэ федерацияси Президенти Антонио Эспиноза ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда яқин икки йил ичида Ўзбекистон мезбонлиқ қиладиган Бутунжаҳон каратэ федерациясининг тадбирларига кўрилаётган тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. 



Маълумот учун, Премьер Лига турнири жаҳон кубоги даражасидаги мусобақа бўлиб, бешта босқичдан иборат бўлади. Жорий йилда ушбу мусобақаларга Париж (Франция), Роттердам (Голландия), Дубай (БАА), Работ (Марокаш) ва Лейпциг (Германия) шаҳарлари мезбонлик қилади. Эътиборлиси, Премьер Лига босқичлари 2020 йили Токио мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этади. Шунингек, Премьер Лига босқичларининг жаҳон ва қитъа чемпионатларидан фарқи ва шу билан биргаликда мураккаб жиҳати шуки, унда ҳар бир вазн тоифасида бир мамлакатдан исталганча иштирокчи қатнашиши мумкин. Бу эса ўз навбатида татамида кечадиган беллашувларни ўта муросасиз руҳда ўтишини таъминлаб беради. 



Шу ўринда эслатиб ўтамиз, WKF (World Karate Federation) йўналишидаги каратэ спорт тури ёзги Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта Токио 2020 ўйинлари дастуридан жой олган. Шунингдек, 2018 йилда Артентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимипия ўйинлари дастуридан ҳам каратэ ўрин олади.