Янгиликлар 2017 йил
19.03.2017 11:45:00

Бугун пойтахтимизга Осиё Олимпия Кенгаши Президенти Шайх Аҳмад Ал-Фахад Ал-Сабах ташриф буюради

19-20 март кунлари Тошкентда Осиё Олимпия Кенгаши ва Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси Президенти Шайх Аҳмад Ал-Фахад Ал-Сабах бошчилигидаги делегация меҳмон бўлади. 



Ал-Сабах бундан аввал 2015 йилнинг 14-15 июнь кунлари ҳам пойтахтимизда меҳмон бўлган ва ўшанда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси билан яқиндан танишиб чиққанди. 



Тошкентга Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Президенти Томас Бах ҳамроҳлигида келган Ал-Сабах Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги қуриб битказилган биносига юқори баҳо берган, бу ерда яратилган шароитлар, хусусан Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ҳам олқишлаганди.  



Ўша вақтнинг ўзидаёқ мартабали меҳмон ўзбек спортининг келажагига юксак таъриф бериб, ҳали Ўзбекистон спортчилари жаҳоннинг энг нуфузли мусобақалари - Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юксак чўққиларни забт этишларига асло шубҳаси йўқлигини таъкидлаб ўтганди. 



Орадан бир йил ўтиб юртимиз спортчилари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спорти тарихида энг яхши натижани қайд этиб 13 та медалга сазовор бўлишди. Ўзбек боксчилари эса Олимпия ўйинларида бутун дунёни ҳайратга солиб 7 та медаль билан биринчи ўринни эгаллашди. 



Халқаро Олимпия қўмитаси ва бутун дунё Олимпия ҳаракати етакчиларини Ўзбекистон делегациясининг бу натижаси асло ҳайратлантирмади. Боиси айтиб ўтганимиздек, мамлакатимизда спорт тараққиёти ва Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида олиб борилган улкан ҳажмдаги ишлар кун келиб албатта ўз самарасини бериши керак эди. Бир сўз билан айтганда бу кутилган ҳолат эди. Шунчаки Халқаро Олимпия ташкилотлари раҳбарларининг таҳмини ўзини оқлади ҳолос. 



Ал-Сабах мамлакатимизга амалга оширадиган бу сафарги ташрифи давомида “Занги-ота” ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилади. Шунингдек Миллий олимпия қўмитаси анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан музокаралар ўтказади.