Янгиликлар 2017 йил
18.03.2017 19:21:00

Ойбек Касимов Қозоғистон Миллий олимпия қўмитасининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди

17 март куни Астанадаги Тинчлик ва Ҳамжиҳатлик саройида Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан тантанали кеча ўтказилди. Маросимга шахсан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ташриф буюрди. Ўз нутқида қардош мамлакат раҳбари замонавий хаётда Олимпия ҳаракатининг ролига алоҳида урғу бериб ўтди. 



“Биз халқаро Олимпия ҳаракатининг бир қисмига айландик ва бу мустақил Қозоғистон давлатининг қурилишида муҳим аҳамият касб этди. Зеро Олимпия ҳаракати – бу нафақат спорт, балки бирдамлик, ўзаро ҳурмат, жисмоний ва маънавий баркамоллик асосига қурилган хаёт фалсафасидир. Олимпия модели бўйича Универсиада, қитъа миқёсидаги ўйинлар ва бошқа йирик мусобақалар ўтказиб келинади. Айнан Олимпия чемпионлари мисолида бутун дунёдаги миллионлаб болалар қалбида спортга меҳр ва муҳаббат уйғонади, бу эса уларни спорт билан шуғулланишга даъват этади”,- деди Қозоғистон Президенти. 



Қозоғистон спорт жамоатчилигини ушбу сана билан қутлаш учун шу куни Астана шаҳрига Осиё Олимпия Кенгаши ва Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фахад Ал-Сабах бошчилигида Олимпия ташкилотлари етакчилари, жумладан, Халқаро федерациялар Президентлари – Хулио Сезар Маглионе (Халқаро сузиш федерацияси, FINA), Клаус Шорманн (Халқаро замонавий бешкураш иттифоқи, UIPM), Франческо Риччи-Битти (Ёзги Олимпия спорт турлари халқаро Ассоциацияси, ASOIF), Тамаш Аян (Халқаро оғир атлетика федерацияси, IWF) ва бошқалар етиб келишди. 



Шунингдек Қозоғистон пойтахтида ўтказилган тантаналарда 15 та Миллий олимпия қўмиталари раҳбарлари жам бўлишди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва қўмита вице-президенти Умид Аҳмаджоновлар ҳам Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси таклифига биноан мазкур тантанали тадбирда иштирок этишди. 



Ўз навбатида Ойбек Омилович қозоғистонлик ҳамкасбларига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаларини топширди.