Янгиликлар 2017 йил
14.03.2017 16:06:00

Андижонда қиличбозлик бўйича Республика очиқ турнири старт олди

Андижон шаҳридаги янги қуриб титказилган “Қиличбозлик мажмуаси”да Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Дилшод Хамзаев хотирасига бағишланган Республика очиқ турнири бошланди. Кеча мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари       А.Эгамбердиев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Ф. Турдиев, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси вакиллари, спорт мухлислари, оммавий ахборот воситалари ҳодимлари ва Д. Хамзаевнинг оила аъзолари иштирок этишди. 



Шу ўринда Дилшод Хамзаев хақида икки оғиз. Ёшлигидан қиличбозлик спорт тури билан шуғулланиб, бир неча бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган Д. Хамзаев спортнинг ушбу тури бўйича “Спорт устаси” унвонига эга бўлган. Катта спорт билан хайрлашгач, меҳнат фаолиятини “Спартак” кўнгилли спорт жамиятида йўриқчиликдан бошлаб, 2003 йилгача спорт соҳасида турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, 1985 йилдан 2003 йилгача Андижон вилоятидаги Республика Олимпия ўринбосарлари билим юртида директор ўринбосари ва директор лавозимларида фаолият олиб борган. 



Д.Хамзаевнинг бевосита раҳбарлиги остида мамлакатимиз спортчилари орасидан Осиё, жаҳон ва Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари етишиб чиққан. Жумладан, Олимпия ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпиони Мухаммадқодир Абдуллаев, жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров, Олимпия ўйинлари совриндорлари Сергей Михайлов, Баҳодир Султонов, жаҳон чемпиони Руслан Чагаев (бокс), жаҳон ва Осиё чемпионати совриндорлари И.Халилов (оғир атлетика), А.Аксёнова (ўқ отиш), Х.Рахимов (енгил атлетика) ва юзлаб спортчилар шулар жумласидандир. 



Дилшод Ўлмасович Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт ривожига қўшган улкан хизматлари ва кўп йиллик самарали меҳнати учун 1983 йилда “Мамлакат спорт аълочиси”, 1990 йилда “Мамалакат меҳнат фахрийси”, 1991 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий” фаҳрий унвони, 1996 йилда “Жасорат” медали, 2000 йилда эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Бундан ташқари, 1997 йилда Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг фахрий ёрлиғи шахсан ХОҚ президенти Хуан Антонио Самаранч томонидан Д.Хамзаевга топширилган. 



Унинг хотирасига бағишлаб ташкил этилган Республика очиқ турнирида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 76 нафар эркак ва 34 нафар аёл спортчилар иштирок этишмоқда. Мусобақанинг биринчи кунида шамшир (шпага) бўйича беллашувлар ўтказилди. Унинг якунига кўра совринли ўринлар ўғил болалар ўртасида мезбонларга, қизлар ўртасида эса пойтахт вакилларига насиб этди. 



Шамшир (шпага) эркаклар 
1-ўрин Абдулбосит Насриддинов (Андижон) 
2-ўрин Саид Джеенбаев (Андижон) 
3-ўрин Жавоҳир Нурматов (Андижон), Жўрабек Жалилов (Тошкент) 

Шамшир (шпага) аёллар 
1-ўрин Вероника Рожкова (Тошкент) 
2-ўрин Малика Хакимова (Тошкент) 
3-ўрин Севара Суюндиқова (Тошкент), Нигора Содиқова (Тошкент) 

 Мусобақа 18 мартга қадар давом этади.