Янгиликлар 2017 йил
10.03.2017 18:12:00

Миллий олимпия қўмитасида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги вакиллари меҳмон бўлишди

9-10 март кунлари пойтахтимизга Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Том Мэй ва ушбу ташкилотлар билан алоқа бўйича менежери Франциско Леонлар ташриф буюришди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раис ўринбосари Фарход Турдиев ва Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимовлар кутиб олишди. 



Маълумки, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) 2003-йилнинг февралида Антидопинг Кодекси ташкил этилганлиги хақида расман эълон қилган ва бу хақда барча Миллий олимпия қўмиталарига хабар йўллаганди. Кейинчалик бутун дунёдаги Миллий олимпия қўмиталари бу ташаббусни қўллаб қувватладилар ва мазкур муҳим ҳужжатни имзолашга тайёр эканликларини билдирдилар. 



2003-йилнинг 3-5 март кунлари Копенгаген (Дания) шаҳрида бўлиб ўтган спортда допингга қарши кураш мавзусидаги Конференцияда Халқаро Олимпия қўмитаси, Халқаро спорт федерациялари ва қатор Миллий олимпия қўмиталари вакиллари иштирокида антидопинг Кодекси расман қабул қилинган бўлиб, у Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг допингга қарши курашиш масаласида айтиш керакки, биринчи йирик ҳужжатига айланди. 



Мазкур Кодекс антидопинг сиёсатининг асосий йўналишларини қамраб олган ҳолда спортда допинга қарши курашиш бўйича асосий ҳужжат ҳисобланади. Бугунги кунда 626 та Халқаро ташкилотлар ва 205 та Миллий олимпия қўмиталари ушбу Кодексни имзолаб, уни расман тан олишган. Бутунжаҳон антидопинг Кодекси дунёдаги барча антидопинг дастурларини бошқарувчи асосий хужжат ҳисобланади. Кодекс доирасида ҳар бир мамлакат махсус тадқиқотлар ва тестлар ўтказиш, натижаларни таҳлил этиш каби фаолиятни олиб бориши шарт. 



Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Марказий Осиё Минтақавий антидопинг ташкилоти кўмагида мазкур дастурларни амалга ошириш ва хаётга тадбиқ этиш учун масъул ҳисобланади. Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари вакилларининг юртимизга ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан учрашиш бўлиб, Ўзбекистонда Миллий антидопинг ташкилотини тузиш имкониятларини мухокама қилиш эди. 



Охирги пайтда Ўзбекистон спортчиларининг халқаро майдонда эришаётган натижалари юксалиб бораётганини ҳисобга олиб ва айниқса сўнгги Олимпия ўйинларидаги ўзбек спортчиларининг зафарли юришларидан сўнг Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) мамлакатимизда ҳам мустақил Миллий антидопинг ташкилотини тузиш ташаббуси билан чиқмоқда. Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ушбу ташаббусни қўллаб қувватладилар. 



Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларидан ташқари шунингдек, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази раҳбарлари ва етакчи мутахассислари ҳам иштирок этишди. 



Учрашув якунида Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.