Янгиликлар 2017 йил
02.03.2017 16:17:00

Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг бошланишига 200 кун қолди

Маълумки, 2017 йилнинг 17 сентябрь куни Туркманистон пойтахти Ашгабаддаги Олимпия шаҳарчасида Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари мусобақаси расман старт олади. Демак, бугун мазкур нуфузли мусобақанинг бошланишига роппа роса 200 кун вақт қолди. 



Биз бугун илк маротаба Марказий Осиё минтақасида ташкил этиладиган ушбу мусобақага кўрилаётган тайёргарлик, бунёд этилаётган объектлар ва мавзуга оид бошқа масалаларда мулоҳаза юритамиз. 



Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида биринчи марта 62 мамлакат вакиллари иштирок этишади. Уларнинг 45 тасини Осиё давлатлари ташкил этса, Океания минтақасидан ҳам 17 та мамлакат вакиллари Ашгабатга етиб келишади. 



Таъкидлаш лозимки, биринчи марта мазкур мусобақа 2005 йилда Бангкок (Таиланд) да ташкил этилган бўлиб, 2007 йилда ёпиқ иншоотлардаги II Осиё ўйинларига Макао мезбонлиқ қилган. Орадан икки йил ўтгач, 2009 йилда мусобақани энди Вьетнам ўзида қабул қилган. IV Осиё ўйинларига келиб мусобақа худди олимпия цикли каби ҳар тўрт йилда бир марта ташкил этиладиган бўлди ва 2013 йилда Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳри мезбонлик қилган мусобақа дастурига жанговор санъат турлари ҳам киритилди. 



Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига Ашгабад шаҳри мезбонлик қилиши хақидаги қарор 2010 йилнинг 19 декабрида Кувайт мамлакатида Осиё Олимпия Кенгаши ҳамда Туркманистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ашгабад шаҳри Ҳокимлиги ўртасида икки томонлама келишув имзолангач қабул қилинган. 



2010 йилнинг 5 ноябрида Туркманистон пойтахтида мамлакат Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида Олимпия шаҳарчасининг қурилишига старт берилган эди. Ҳозирда мазкур муҳташам спорт шаҳарчаси қитъамиздаги энг йирик олимпия масканларидан бирига айланиб улгурди. 



Олимпия шаҳарчасининг қурилиши уч босқичдан иборат бўлиб, унинг умумий майдони 157 гектар ҳудудни қамраб олади. Мазкур шаҳарчада 30та спорт иншооти бунёд этилмоқда. Эътиборлиси қурилаётган объектлар жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беради. 



Осиё Олимпия Кенгаши ва Халқаро спорт федерациялар вакиллари бир неча маротаба Ашгабатга ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди ва керакли маслаҳатларни беришди. Қурилиш ишларида ҳар бир таклиф ва маслаҳатга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Олимпия шаҳарчасидаги иншоотлар юқори сифатли, жаҳон стандартларига мос келувчи спорт анжомлари билан тўлдирилишига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Табиийки бу ерда спортчилар ва мусобақа иштирокчилари учун барча шароитлар яратилади. 



Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари дастуридан 21 та спорт тури ўрин олган бўлиб, булар: шахмат, футзал, теннис, муай-тай, самбо, кураш, джиу-джитсу, боулинг, велопойга (трек), сузиш (50 метрлик бассейнда), енгил атлетика, оғир атлетика (пауэрлифтинг), баскетбол, таэквондо (WTF), спорт рақслари, кикбоксинг, белбоғли кураш, спорт курашлари (эркин ва юнон-рум), бильярд, конкур ва Туркман миллий кураши - гореш спорт турларидир. 



Нуфузли мусобақага тайёргарлик кўриш жараёнида 2014 йилдан эътиборан Олимпия шаҳарчасида бир неча йирик Халқаро мусобақалар синов тариқасида ўтказиб келинмоқда. Жумладан 2014 йилнинг 19-24 ноябрь кунлари белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати, 2016 йилда эса 26-30 май кунлари самбо бўйича Осиё чемпионати, 25-29 июнь кунлари Туркман гореши ва белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионати, 16-24 сентябрь кунлари 18 ёшгача бўлган теннисчилар ўртасида Халқаро турнир, 23-26 сентябрь кунлари енгил атлетика бўйича Халқаро турнир, 4-7 ноябрь кунлари аёллар ва эркаклар ўртасида 3х3 форматидаги баскетбол бўйича Халқаро турнир ва ниҳоят ўтган йилнинг декабрида джиу-джитсу бўйича Осиё чемпионати айнан Ашгабаддаги Олимпия шаҳарчасида юқори савияда ташкил этилди. 



Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Олимпия ёки Осиё ўйинларини ўзида қабул қилувчи ҳар бир мамлакат нафақат спорт мусобақаларини юксак савияда ўтказиш, балки ана шу мусобақаларнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларини ҳам унутилмас даражада ёрқин ва жозибали ташкил этишга интилади. Бу борада қўшниларимиз ҳам алоҳида тайёргарлик олиб боришмоқда. Осиё ўйинларининг сценарийси жаҳонга машҳур ва бу борада катта тажрибага эга мутахассислар, ташкилотчилар ва оммавий шоу-тадбирлар усталари томонидан ишлаб чиқилмоқда. 



Яна бир эътиборли жиҳати, Осиё ўйинларининг машъаласини ёқиш маросими бўлиб, унда мамлакатнинг 17 та энг яхши чавандозлари Туркманистоннинг бир қатор вилоятлари ҳудудларидан ўтиб, 17 сентябрь куни, маҳаллий вақт билан роппа роса соат 17:00да Марказий стадионда ўйинлар машъаласини ёқишади ва айнан шундан сўнг мусобақаларга расман старт берилади. Бир сўз билан айтганда Туркманистонда ушбу нуфузли мусобақани энг юқори савияда ўтказишга жуда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 



Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида табиийки Ўзбекистон делегацияси ҳам спортнинг бир қатор турларида иштирок этади ва биз, барчамиз юртдошларимиздан муносиб иштирок ва ёрқин ғалабаларни кутиб қоламиз.

            
   Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди.