Янгиликлар 2016 йил
13.12.2016 11:39:00

Оксана Чусовитина расман Гиннес рекордлари китобига киритилди

Ҳамюртимиз Оксана Чусовитина Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Чусовитина кетма-кет еттита Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона гимнастикачи аёл сифатида Гиннеснинг рекордлари китоби саҳифаларидан ўрин олди. У ўзининг илк Олимпия ўйинларида 1992 йили Барселонада қатнашган ва ўшанда бирлашган МДҲ жамоаси таркибида жамоавий баҳслар якунига кўра Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлган. 



41 ёшли спортчи учун Рио–2016 ўйинлари еттинчи Олимпиада бўлди. Бундай кўрсаткичга дунё спорт гимнастикачилари орасида ҳали ҳеч ким эриша олмаганди. Оксана шунингдек 2008 йилда Пекинда ўтказилган Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган эди. Оксананинг профессионал спортдаги фаолияти 25 йилдан бери давом этаётган бўлиб, бу кўрсаткич ҳам спорт гимнастикаси тарихида мутлақ рекорд натижа ҳисобланади. 



Ҳамюртимизнинг Гиннес рекордлари китобидан жой олишига сабаб унинг шу йил августда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиши бўлди. Оксана 41 ёшу 56 кунлигида ўзининг севимли йўналиши - таяниб сакрашда 7-ўринни эгаллаб Олимпия ўйинлари тарихида спорт гимнастикаси беллашувларида иштирок этган энг ёши катта спортчи номига сазовор бўлди.  



Олимпия ўйинлари якунланиши биланоқ Чусовитина катта спорт билан ҳайрлашиш нияти йўқлиги ва энди унинг асосий мақсади 2017-йили Монреалда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш эканлигини маълум қилди. 



Чусовитина фаолияти давомида айтиб ўтганимиздек Олимпия ўйинларининг олтин ва кумуш медадлари, шунингдек уч карра жаҳон чемпионлиги, Европа чемпионлиги ва Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган. Шунингдек ҳамюртимиз жаҳон чемпионатларида тўрттадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган. 



Оксана Чусовитанинг спортдаги фаолияти ҳар қандай спортчи учун ўрнак бўладиган даражада. У хақиқий матонат ва жасорат соҳибаси. Профессионалликнинг юксак намунаси десак асло муболаға бўлмайди. 



Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Оксана Чусовитинани бундай юксак эътироф билан муборакбод этади, у билан ҳамиша фахрланади ва унинг келгуси фаолиятида омад ва зафарлар тилайди.