Янгиликлар 2016 йил
01.12.2016 12:00:00

Мексикадаги халқаро турнирда Оксана Чусовитина таяниб сакрашда хамон жаҳонда тенгсиз эканини исботлади

Мексика пойтахти Мехико шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича анъанавий “ABIERTO MEXICANO DE GIMNASIA” халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада дунёнинг 10 та мамлакатлари, жумладан Бразилия, Германия, Испания, Италия, Колумбия, Мексика, Руминия, Ўзбекистон ва Япониядан спортчилар иштирок этишди. 



Ўз фаолияти давомида еттита Олимпия ўйинларида иштирок этиб бу борада спорт гимнастикаси тарихида мутлақ рекорд ўрнатган ҳамюртимиз Оксана Чусовитина ўзининг севимли йўналиши, таяниб сакрашда 14,250 баллик кўрсаткич билан барча рақибларини ортда қолдириб биринчи ўринни эгаллади. Мазкур йўналишда иккинчи ўрин украиналик Ангелина Кислая (13,975 балл) га насиб этган бўлса, мусобақа мезбони Мириана Алмейда (13,925 балл) учинчи ўрин билан чекланди. 



Ўз ичига тўрт йўналишни қамраб олган кўпкураш баҳсларида эса Оксана 52,225 балл натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Кумуш медали бразилиялик Каролин Педро (53,975 балл) га насиб қилган бўлса, 54,400 балл жамғарган украиналик Ангелина Кислая олтин медали билан тақдирланди. 



Эътиборли жихати ҳамюртимиз Оксана Чусовитина мусобақа ғолиблигини қўлга киритган Ангелина Кислаядан нақд 16 ёшга катта бўлиб хали хамон жахон ареналарида юксак маҳоратини намойиш этиб ўз шахсий коллекциясини медаллар билан бойитиб келмоқда.