Олимпия ўйинлари

Қишки Олимпия ўйинлари тарихи

Қишки Олимпиада ўйинлари — қишки спорт турлари бўйича ўтказилиб, ёзги Олимпия ўйинлари каби Халқаро Олимпия Қўмитаси шафелигида ташкил этилади.

Биринчи қишки Олимпия ўйинлари 1924 йилда ўтказилган. Дастлаб, қишки ва ёзги Олимпия ўйинлари бир йилда ўтказилиб келинган. 1994 йилдан бошлаб эса, ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилгач, орадан икки йил ўтиб қишки Олимпия ўйинлари ташкил этилади.

Бугунги кунга келиб қишки Олимпия ўйинларининг дастури сезиларли равишда кенгайиш билан бирга, иштирокчилар сони ҳам кескин даражада ошган.

Дастлаб қишки Олимпиада ўйинларида скандинавияликлар совриндорлар сафида кўпчиликни ташкил этган бўлса, йиллар ўтиб бошқа давлатларда ҳам қишки спорт турларини ривожланиши натижасида скандинавияликларнинг гегемонлигига чек қўйилди.

Аслида, қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш ғояси бирмунча аввал, яъни замонавий Олимпиада ўйинларини ташкил этиш ғояси пайдо бўлган даврдан бошланган. 1894 йилда Халқаро Олимпия қўмитасига асос солингач, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига конькида учиш бўйича мусобақаларни ҳам киритиш тавсия этилган. Лекин, дастлабки учта Олимпиада ўйинларида муз устида ўтказиладиган бирорта спорт турлари киритилмаган. 1908 йилга келибгина, Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида фигурали учиш бўйича 4 та дастурда мусобақалар ўтказилган.

1920 йил Антверпен (Бельгия)да ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинлари дастуридан фигурали учиш ва шайбали хоккей спорт турлари ўрин эгаллаган. Мазкур мусобақаларда швециялик Гиллис Графстрем фигурали учиш бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақада, унинг ҳамюрти Магда Юлин-Маурой эса аёллар орасида олтин медалга сазовор бўлганлар. Людовика ва Вальтер Якобссонлар (Финляндия) эса жуфтлик мусобақаларида биринчи ўринни эгаллашган. Шайбали хоккей бўйича бўлиб ўтган баҳсларда жами 7 жамоа ғолиблик учун баҳс юритиб, унда канадалик хоккейчилар зафар қучганлар.