Халқаро Олимпия Қўмитаси

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) олимпия ҳаракатининг олий хокимиятидир. У 1894 йилда Пьер де Кубертен ташаббуси билан ташкил этилган. Олимпия ҳаракати ХОҚ олий хокимияти остида Олимпия шахсларни бирлаштиради. Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан эътироф этилиш Олимпия харакатига мансублик мезони ҳисобланади.
ХОҚ ёзги ва қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш, улар дастурларини белгилаш, олимпия ўйинларини муттасил такомиллаштириб бориш, шаҳарларга Олимпиадаларни ўтказиш хуқуқини бериш масалаларини ҳал этади, ҳаваскорлик спортини ривожлантиришни рағбатлантиради, турли мамлакатлар спортчилари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш чораларини кўради, миллий олимпия қўмиталари фаолиятини мувофиқлаштиради, Олимпиадалар пайтида халқаро спорт федерацияларига ўз спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилишини техник назорат қилиш ҳуқуқини беради, олимпия ҳаракатини ривожлантиришга раҳбарлик қилади.

ХОҚ Миллий олимпия қўмиталари ва халқаро федерацияларини тан олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, улар билан қалин ҳамкорлик қилади.
Халқаро Олимпия Қўмитасининг олий органи ХОҚ сессиясидир. У йилига бир, Олимпиадалар йилида икки марта ўтказилади. Олимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг стратегик вазифалари муҳокама этиладиган ХОҚ Конгресслари, қоида бўйича, саккиз йилда бир марта ўтказилади.

ХОҚ сессиялари орасида Халқаро Олимпия Қўмитаси кундалик фаолиятига ХОҚ Ижроия қўмитаси раҳбарлик қилади. Унинг таркиби ҳозирги пайтда 15 кишидан (ХОҚ Президенти ва тўрт нафар вице-президенти, 10 нафар аъзо) иборат.

ХОҚнинг 1999 йил 11 — 12 декабр кунлари бўлиб ўтган 110-сессиясида қабул қилинган қарорга мувофиқ, Ҳалқаро Олимпия Қўмитаси таркибида 115 нафар аъзо бўлиб, уларнинг 15 таси халқаро спорт федерациялари ёки улар бирлашмалари вакилларидир, яна 15 нафари миллий олимпия қўмиталари ёки уларнинг минтақавий ассоциациялари вакиллари, яна 15 таси Олимпиада мусобақаларида иштирок этаётган ёки энг узоғи билан тўрт йил аввалги Олимпиада ўйинларида иштирок этган спортчилар, қолган 70 нафари шахсий аьзолардан иборат бўлиши шарт. Бунда ХОҚнинг шахсий аьзолари орасида ҳар бир мамлакатдан биттадан ортиқ вакил бўлиши мумкин эмас. ХОҚ аьзоларининг ёши 18 ёшдан 70 ёшгача чегаралаб қўйилган.

2003 йилдан эьтиборан ХОҚ аьзолари қайта сайланиш хуқуқи билан 8 йил муддатга сайланадилар. Мусобақаларда иштирок этаётган спортчилар ХОҚ аьзолигига олимпия ўйинлари вақтида олимпия қишлоғидаги олимпиадачилар томонидан сайланади. Бунда ёзги Олимпиадаларда энг кўп овоз олган 4 спортчи ХОҚ аьзолигига 8 йил, яна 4 нафар спортчи 4 йил, қишки Олимпиадаларда эса 2 спортчи 8 йил, яна 2 спортчи 4 йил муддатга сайланадилар. ХОҚ аьзолигига қолган 3 спортчи қитьалар ва спорт турлари бўйича мутаносиблик бўлиши мақсадида ХОҚ Ижроия қўмитаси томонидан тавсия этилади.

ХОҚ Президенти эндиликда 8 йил муддатга (шундан сўнг фақат бир марта 4 йил муддатга қайта сайланиш хуқуқи билан) сайланади.

Халқаро Олимпия Қўмитаси қароргоҳи Лозанна (Швейцария)да жойлашган. ХОҚнинг расмий тиллари -француз ва инглиз тилларидир.

ХОҚ тизимида олимпия ўйинларини ташкил этиш ва уларни ўтказиш, Олимпиада дастурлари, Олимпия бирдамлиги, олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензиялар бериш доимий қўмиталари, шунингдек, ғолибларни тақдирлаш, маданий дастурлар, молиявий, тиббий масалалар бўйича, матбуот ва бошқа хизматлар мавжуд.

ХОҚ шафелиги остида Халқаро Олимпия Академияси фаолият юритади. Бундай академиялар миллий олимпия қўмиталари томонидан ҳам ташкил этилган. ХОҚ таркибида Лозаннадаги Олимпия музейи ҳам бор.

ХОҚ 1969 йилда Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси — МОҚАни тан олган, 1967 йилдан фаолият олиб бораётган Халқаро спорт федерациялари Бош ассамблеяси — ХСФБА, ҳуқуқий жиҳатдан тўла мустақил, олимпия ўйинлари пайтида барча баҳсли масалаларни ҳал этадиган Спорт арбитраж суди — САС билан қалин ҳамкорлик қилади.
Халқаро Олимпия Қўмитаси 1993 йил сентябрда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасини тан олган.