Қишки Осиё ўйинлари

Чанчун-2007

VI қишки Осиё ўйинлари 2007 йилнинг 28 январь – 4 февраль кунлари Хитойнинг Чанчун шаҳрида ўтказилди.

Бу сафарги Осиё ўйинларида 26 давлатдан 796 нафар спортчи, спортнинг 10 та турида ғолиблик учун баҳс юритдилар. Бундан ташқари мусобақаларда иштирок этмаган қитъанинг яна 19 давлати ўз вакилларини кузатувчи сифатида Осиё ўйинларига жўнатдилар. Шу тариқа, қишки Осиё ўйинлари тарихида биринчи бор мусобақаларда қитъанинг 45 давлати вакиллари иштирок этдилар.

Олтинчи қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини 11 нафар спортчиларимиз ( 3 нафари фигурали учиш, 8 нафари тоғ чанғи спорти) ҳимоя қилдилар.

Тоғ чанғи спорти бўйича ўтказилган мусобақалар ёш спортчиларимиз Ксения Григорьева, Эльвира Халиулина, Гулиза Гаюпова, Мадина Расулева, Денис Григорьев, Олег Шамаев, Кайрат Эрметов ва Ноил Шириаздановлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтаган бўлса, фигурали учиш мусобақаларида Анастасия Гимазетдинова яккалик баҳсларида 6-ўринни, Марина Аганина ва Артем Князев жуфтлиги эса бронза медалини қўлга киритдилар.

Аомори-2003

V қишки Осиё ўйинлари 2003 йилнинг 1-8 феврал кунлари Япониянинг Аомори шаҳрида ўтказилди. Мазкур мусобақаларда 29 давлатдан 636 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс юритдилар.

Бу галги Осиё ўйинларида ҳам делегациямиз ҳисобига фигурали учиш спорт тури вакиллари бронза медалини келтирдилар. Ўзбекистонлик Артем Князев ҳамда Марина Аганина жуфтлиги қизғин кечган мусобақалар якунларига кўра 3-ўринни эгалладилар.

Умумжамоа ҳисобида 19 тадан олтин ва кумуш ҳамда 23 та бронза медалига сазовор бўлган Хитойликлар биринчи ўринни банд этдилар.

Кангвон-1999

IV қишки Осиё ўйинларига Жанубий Кореянинг Кангвон шаҳри мезбонлик қилди. 1999 йилнинг 30 январ - 6 феврал кунлари бўлиб ўтган мусобақаларда 21 давлатдан 799 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди.

Мазкур ўйинларда мамлакатимиз спортчилар биттадан олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгалладилар. Барча медаллар фигурали учиш мусобақаларида қўлга киритилди. Татьяна Малинина олтин, Роман Скорняков кумуш, Евгений Свиридов ва Наталья Пономарева жуфтлиги эса бронза медаллари билан тақдирландилар.

Харбин-1996

III Осиё ўйинлари 1996 йилнинг 4-11 февраль кунлари Хитойнинг Харбин шаҳрида ўтказилган. Мазкур мусобақаларда 18 давлатдан 453 нафар спортчи, спортнинг 8 турида ғолиблик учун баҳс юритдилар.

Чин мамлакатида ўтказилган Осиё ўйинларида Марказий Осиё давлатлари илк бор иштирок этдилар.

Эътиборлиси, ушбу мусобақада мамлакатимиз спортчилари биринчи маротаба иштирок этганликларига қарамай, биттадан кумуш ва бронза медалига сазовор бўлганлар.

Татьяна Малинина фигурали учиш мусобақасида делегациямиз ҳисобига дастлабки кумуш медални келтирган бўлса, Сергей Бренер фристайл бўйича ўтказилган баҳсларда бронза медали билан тақдирланди.

Саппоро-1990

II қишки Осиё ўйинлари 1990 йилнинг 9-14 март кунлари ўтказилди. Иккинчи бор ўтказилган ўйинларга ҳам Япониянинг Саппоро шаҳри мезбонлик қилди.

Мазкур мусобақаларда 10 давлатдан 310 нафар спортчи, спортнинг 6 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Япония (18 та олтин, 16 та кумуш, 13 та бронза), иккинчи ўринни Хитой (9 та олтин, 9 та бронза, 8 та бронза), учинчи ўринни Жанубий Корея делегацияси (6 та олтин, 7 та кумуш, 8 та бронза) эгаллади.

Саппоро-1986

I қишки Осиё ўйинлари 1986 йилнинг 1-8 март кунлари Япониянинг Саппоро шаҳрида ўтказилди. Мазкур Осиё ўйинларида қитъанинг 7 та давлатидан 430 нафар спортчилар, спортнинг 7 турида ҳолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Қизғин кечган мусобақалар якунларига кўра умумжамоа ҳисобида Япония делегацияси биринчи (29 та олтин, 23 та кумуш, 6 та бронза), Хитойликлар иккинчи (4 та олтин, 5 та кумуш, 12 та бронза), Жанубий Корея термаси учинчи (1 та олтин, 5 та кумуш, 12 та бронза) ўринни эгалладилар