XIV Осиё ўйинлари

XIV Осиё ўйинлари, Пусан - 2002

XIV ёзги Осиё ўйинлари 2002 йилнинг 29 сентябрь — 14 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилди. Унда 44 давлатдан 6572 нафар спортчилар 38 спорт турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан 175 нафар спортчи ўрин эгаллади ва улар спортнинг 24 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Эътиборлиси, Ўзбекистонлик спортчилар аввалги Осиё ўйинларига қараганда медаллар сонини кескин даражада оширишга муваффақ бўлдилар. Жами 51 та медалга (15 та олтин, 12 та кумуш, 24 та бронза) сазовор бўлган ҳамюртларимиз, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгалладилар.

Умумжамоа ҳисобида 150 та олтин, 84 та кумуш, 74 та бронза медалини қўлга киритган Хитойлик спортчилар биринчи, Жанубий Кореяликлар иккинчи (96 та олтин, 80 та кумуш, 84 та бронза), Япония вакиллари эса учинчи (44 та олтин, 74 та кумуш, 72 та бронза) ўринларни эгаллашди.