XII Осиё ўйинлари

XII Осиё ўйинлари, Хирасима – 1994

XII ёзги Осиё ўйинлари 1994 йилнинг 2–12 октябрь кунлари Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилди. Мазкур Осиё ўйинларида 42 давлатдан 6828 нафар атлетлар, спортнинг 32 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Ушбу мусобақалар пойтахтда ўтказилмаган биринчи Осиё ўйинлари сифатида тарих саҳифаларидан ўрин эгаллади.

Кунчиқар юртда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари яна шуниси билан, аҳамиятлики, мазкур мусобақаларда биринчи маротаба Ўзбекистон спортчилари иштирок этдилар.
Хиросимага йўл олган жами 134 нафар спортчиларимиз, спортнинг 20 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, жами 40 та медални (10 та олтин, 11 та кумуш, 19 та бронза) қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 42 давлат орасида 5-ўринни эгалладилар.

Айниқса, дастурдан ўрин эгаллаган футбол мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоасини биринчи ўринни эгаллаши, миллионлаб юртимиз футбол муҳлисларига олам-олам шодлик улашди.

Умумжамоа ҳисобида Хитой делегацияси биринчи (125 та олтин, 83 та кумуш, 58 та бронза), Японияликлар иккинчи (64 та олтин, 75 та кумуш, 79 та бронза), Жанубий Корея термаси эса учинчи (63 та олтин, 56 та кумуш, 64 та бронза) ўринни эгалладилар.