Ёзги Осиё ўйинлари

XVI Осиё ўйинлари, Гуанчжоу-2010

XVI Осиё ўйинлари 2010 йилнинг 12–27 ноябрь кунлари Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилди. Ушбу ўйинларда 45 давлатдан 9704 нафар спортчилар, спортнинг 42 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Спортнинг 29 турида иштирок этган Ўзбекистонликлар 11 та олтин, 22 та кумуш ва 23 та бронза, жами 56 та медаллар шодасига эгалик қилдилар. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу кўрсаткич, Осиё ўйинларида эришган натижаларимиз орасида энг юқориси ҳисобланади.

Мазкур Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Хитой делегацияси жами 416 та медалга (199 та олтин, 119 та кумуш, 98 та бронза) эгалик қилди. Жанубий Кореяликлар иккинчи (76-65-91), Япония вакиллари эса учинчи (48-74-94) ўринларни банд этдилар. Ўзбекистон делегацияси эса 45 давлат орасида 8-ўринни банд этди.
XVI Осиё ўйинларида 3 та жаҳон ва 103 та Осиё рекордлари янгиланди.

XV Осиё ўйинлари, Доҳа - 2006

XV ёзги Осиё ўйинлари 2006 йилнинг 1–15 декабр кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилди. Ушбу мусобақаларда 45 давлатдан келган 9520 нафар атлетлар, спортнинг 39 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Доҳага йўл олган Ўзбекистон делегацияси таркибидан 251 нафар спортчиларимиз ўрин эгалладилар. Спортнинг 30 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ҳамюртларимиз 11 та олтин, 14 та кумуш ва 15 та бронза медалига сазовор бўлдилар.

Умумжамоа ҳисобида жами 316 та медалга (165 — 88 — 63) сазовор бўлган Хитойликлар биринчи, 192 та медални (58-52-82) қўлга киритган Жанубий Корея термаси иккинчи, Япония делегацияси эса учинчи (50-71-78) ўринларни банд этдилар. Ўзбекистон делегацияси 7-ўринни эгаллади.

XIV Осиё ўйинлари, Пусан - 2002

XIV ёзги Осиё ўйинлари 2002 йилнинг 29 сентябрь — 14 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтказилди. Унда 44 давлатдан 6572 нафар спортчилар 38 спорт турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан 175 нафар спортчи ўрин эгаллади ва улар спортнинг 24 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Эътиборлиси, Ўзбекистонлик спортчилар аввалги Осиё ўйинларига қараганда медаллар сонини кескин даражада оширишга муваффақ бўлдилар. Жами 51 та медалга (15 та олтин, 12 та кумуш, 24 та бронза) сазовор бўлган ҳамюртларимиз, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгалладилар.

Умумжамоа ҳисобида 150 та олтин, 84 та кумуш, 74 та бронза медалини қўлга киритган Хитойлик спортчилар биринчи, Жанубий Кореяликлар иккинчи (96 та олтин, 80 та кумуш, 84 та бронза), Япония вакиллари эса учинчи (44 та олтин, 74 та кумуш, 72 та бронза) ўринларни эгаллашди.

XIII Осиё ўйинлари, Бангкок - 1998

XIII ёзги Осиё ўйинлари 1998 йилнинг 6–20 декабр кунлари Бангкок (Таиланд) шаҳрида ўтказилди. Бу сафарги мусобақаларда 41 давлатдан 6554 нафар (2100 нафари хотин-қизлар) спортчилар, спортнинг 36 турида ғолиблик учун баҳс юритдилар.

Навбатдаги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси таркибидан 168 нафар спортчи ўрин эгаллади ва улар спортнинг 23 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар. Қизғин кечган мусобақалар якунларига кўра ҳамюртларимиз жами 40 та медални (7 та олтин, 23 та кумуш, 10 та бронза) қўлга киритдилар ва 41 давлат орасида 10-ўринни банд этдилар.

Умумжамоа ҳисобида кучли учликдан Хитой (129 та олтин, 78 та кумуш, 67 та бронза), Ж.Корея (65 та олтин, 46 та кумуш, 53 та бронза), Япония (52 та олтин, 61 та кумуш, 68 та бронза) делегациялари мос равишда ўрин эгаллашди.

XII Осиё ўйинлари, Хирасима – 1994

XII ёзги Осиё ўйинлари 1994 йилнинг 2–12 октябрь кунлари Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилди. Мазкур Осиё ўйинларида 42 давлатдан 6828 нафар атлетлар, спортнинг 32 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Ушбу мусобақалар пойтахтда ўтказилмаган биринчи Осиё ўйинлари сифатида тарих саҳифаларидан ўрин эгаллади.

Кунчиқар юртда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари яна шуниси билан, аҳамиятлики, мазкур мусобақаларда биринчи маротаба Ўзбекистон спортчилари иштирок этдилар.
Хиросимага йўл олган жами 134 нафар спортчиларимиз, спортнинг 20 турида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, жами 40 та медални (10 та олтин, 11 та кумуш, 19 та бронза) қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 42 давлат орасида 5-ўринни эгалладилар.

Айниқса, дастурдан ўрин эгаллаган футбол мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоасини биринчи ўринни эгаллаши, миллионлаб юртимиз футбол муҳлисларига олам-олам шодлик улашди.

Умумжамоа ҳисобида Хитой делегацияси биринчи (125 та олтин, 83 та кумуш, 58 та бронза), Японияликлар иккинчи (64 та олтин, 75 та кумуш, 79 та бронза), Жанубий Корея термаси эса учинчи (63 та олтин, 56 та кумуш, 64 та бронза) ўринни эгалладилар.

XI Осиё ўйинлари, Пекин - 1990

XI ёзги Осиё ўйинлари 1990 йилнинг 22 сентябрь — 7 октябрь кунлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ўтказилди.

Навбатдаги Осиё ўйинларида иштирокчи давлатлар ва спортчилар сони кескин даражада ошди. Жумладан, мазкур ўйинларда 37 давлатдан 6122 нафар атлетлар, спортнинг 29 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Мусобақалар давомида 7 та жаҳон рекорди (шундан 6 таси камондан отиш спорт турида) ва 89 бор Осиё рекордлари янгиланди. Хитойлик спортчилар олтин медалларнинг 60% га ҳамда жами медалларнинг 34% га эгалик қилдилар.

Х Осиё ўйинлари, Сеул - 1986

X ёзги Осиё ўйинлари 1986 йилнинг 20 сентябрь — 5 октябрь кунлари Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида ўтказилди.

Мазкур ўйинларда 27 давлатдан 4839 нафар спортчи, спортнинг 25 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Дастурга илк бор дзюдо, таэквондо, шунингдек, аёллар ўртасида велоспорт ва ўқ отиш мусобақалари киритилди.

Умумжамоа ҳисобида кучли учликдан Хитой, Ж.Корея, Япония давлатлари мос равишда ўрин эгаллашди.

IX Осиё ўйинлари, Нью-Дели – 1982

IX ёзги Осиё ўйинларига Нью-Дели шаҳри мезбонлик қилди. 1982 йилнинг 19 ноябрь — 4 декабрь кунлари бўлиб ўтган мусобақаларда 33 давлатдан 3411 нафар атлет, спортнинг 21 турида ғолиблик учун баҳс юритди.

Умумжамоа ҳисобида Хитой делегацияси 63 та олтин, 51 та кумуш, 41 та бронза медалига сазовор бўлиб, биринчи ўринни эгаллади.

Мазкур ўйинларда илк бора от спорти, гольф, гандбол, эшкак эшиш ва чим устида хоккей каби спорт турлари дастурдан ўрин эгаллади.

VIII Осиё ўйинлари, Бангкок -1978

VIII ёзги Осиё ўйинлари 1978 йилнинг 9–20 декабр кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилди.

Мазкур мусобақаларда 25 давлатдан 3842 нафар спортчи иштирок этди. Улар спортнинг 19 турида ўзаро куч синашдилар. Бу галги ўйинлар дастуридан биринчи маротаба камондан отиш ва боулинг спорт турлари ўрин эгалладилар.

VII Осиё ўйинлари, Теҳрон -1974

VII ёзги Осиё ўйинлари 1974 йилнинг 1–16 сентябр кунлари Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилди.

Ушбу мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирган давлатлар сони кескин даражада ошиб ва ўйинларда 25 давлатдан 3010 нафар спортчи 0олиблик учун кураш олиб бордилар.

Ўйинлар дастуридан биринчи бор қиличбозлик, гимнастика ва аёллар ўртасидаги баскетбол мусобақалари ўрин эгаллади.

VI Осиё ўйинлари, Бангкок-1970

VI ёзги Осиё ўйинлари 1970 йилнинг 24 август — 4 сентябр кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилди.

Мусобақаларда 18 давлатдан 2400 нафар атлетлар, спортнинг 13 тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб бордилар. Осиё ўйинлари дастурига биринчи бор елканли спорт киритилди.

V Осиё ўйинлари, Бангкок-1966

V ёзги Осиё ўйинлари 1966 йилнинг 9–20 декабр кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилди.

Мазкур ўйинларда 16 давлатдан 2500 нафар спортчи, спортнинг 14 турида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

IV Осиё ўйинлари, Жакарта-1962

IV ёзги Осиё ўйинлари 1962 йилнинг 24 август — 4 сентябр кунлари Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида ўтказилди. Унда 12 давлатдан 1460 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди.

IV Осиё ўйинлари дастуридан спортнинг 13 тури (енгил атлетика, бадминтон, баскетбол, бокс, велоспорт, футбол, чим устида хоккей, ўқ отиш, сузиш, стол тенниси, волейбол, теннис, эркин ва юнон рум кураши) ўрин эгаллади.

Мусобақалар якунларига кўра умумжамоа ҳисобида Япония делегацияси биринчи (73 та олтин, 65 та кумуш, 23 та бронза), Индонезиялик спортчилар иккинчи (21 та олтин, 26 та кумуш, 30 та бронза), Ҳиндистонликлар учинчи (12 та олтин, 13 та кумуш, 27 та бронза) ўринларни банд этдилар.

III Осиё ўйинлари, Tокио-1958

III ёзги Осиё ўйинлари 1958 йилнинг 24 май — 1 июн кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилди. Бу галги Осиё ўйинларида 16 давлатдан 1820 нафар спортчи иштирок этди.

III Осиё ўйинлари дастуридан спортнинг 13 тури (енгил атлетика, сув спорти турлари, баскетбол, бокс, велоспорт, футбол, чим устида хоккей, ўқ отиш, стол тенниси, волейбол, теннис, оғир атлетика, эркин ва юнон рум кураши) ўрин эгаллади.

Умумжамоа ҳисобида Японияликлар биринчи (67 та олтин, 42 та кумуш, 30 та бронза), Филиппин делегацияси иккинчи (9 та олтин, 19 та кумуш, 21 та бронза), Жанубий Кореяликлар учинчи (8 та олтин, 7 та кумуш, 12 та бронза) ўринни эгалладилар.

II Осиё ўйинлари, Манила-1954

II ёзги Осиё ўйинлари 1954 йилнинг 1–9 май кунлари ўтказилган. Мусобақаларда 19 мамлакатдан 970 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди.

II Осиё ўйинларида спортнинг 8 тури (енгил атлетика, сув спорт турлари, баскетбол, бокс, футбол, ўқ отиш, оғир атлетика, эркин ва юнон рум кураши) бўйича мусобақалар ўтказилди.

Умумжамоа ҳисобида Япония делегацияси 38 та олтин, 36 та кумуш ва 24 та бронза медалларини қўлга киритиб, биринчи ўриннир эгаллади. Мусобақа мезбонлари 14 та олтин, 14 та кумуш, 17 та бронза) иккинчи, Жанубий Кореяликлар (8 та олтин, 6 та кумуш, 5 та бронза) учинчи ўринни банд этдилар.

I Осиё ўйинлари, Нью-Дели - 1951

Iёзги Осиё ўйинлари 1951 йилнинг 4–11 март кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида бўлиб ўтган. Бу қитъа миқёсида ўтказилган дастлабки йирик спорт ўйинлари ҳисобланади.

Биринчи Осиё ўйинлари дастуридан спортнинг олтита тури (енгил атлетика, баскетбол, велоспорт, футбол, оғир атлетика, сув спорт турлари) ўрин эгаллаган.
Мазкур мусобақаларда 11 мамлакатдан 489 нафар спортчи иштирок этган. Биринчи Осиё ўйинларида Япония делегацияси 24 та олтин, 21 та кумуш ва 15 та бронза медалларига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар.

Ҳиндистонлик спортчилар 15 та олтин, 16 та кумуш, 20 та бронза медали билан иккинчи, 8 та олтин, 6 та кумуш, 2 та бронза медалларига эгалик қилган эронликлар учинчи ўринни банд этдилар.