Осиё ўйинларига 40 кун қолди: МОҚ матбуот хизматидан янги лойиҳа

Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII Осиё ўйинларига тобора оз вақт қолмоқда. Миллий олимпия қўмитаси ҳам спортчиларимиз билан бирга қитъа миқёсидаги Осиёнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда. 18 август – 2 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган мусобақада ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очилади.

МОҚ – спорт лабораторияси

Миллий олимпия қўмитасини ўзига хос спорт лабораторияси десак адашмаган бўламиз. У ерда янги лойиҳалар, ислоҳотлар устида иш олиб борилмоқда, янгича кўринишдаги мусобақалар ташкил этилмоқда. Биз аҳолининг турли қатламлари орасида спортни оммалаштиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Спорт федерациялари билан ҳамкорликда иш режалари ишлаб чиқилди, кўргазмали чиқишлар, мастер-класслар тақдим этилди. Навбатдаги лойиҳамизни Осиё ўйинларида иштирок этадиган спортчиларимиз билан бирга амалга оширамиз. «Шоҳсупа сари йўл» лойиҳасида Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва медиа департаменти ўзбек спорти юлдузлари билан блиц-интервьюларни Сиз азизларга тақдим этиб боради. Спортчиларимиз унда спортдаги илк қадамлари, фаолияти давомида эсда қолган қизиқарли воқеалар, спортдаги орзу-умидлари ҳақидаги турли саволларга жавоб берадилар. Лойиҳамизнинг илк сонида енгил атлетикачи, Халқаро тоифадаги спорт устаси Надия Дусанова меҳмонимиз бўлади.

«Профессионал спортчи» сифатида сакраш

Мактабда жисмоний тарбия дарсида мунтазам равишда яхши натижаларни кўрсатардим. Ўша пайт атрофдагилар менга енгил атлетика билан шуғулланишни маслаҳат беришган. Шундан сўнг бир қарорга келиб, «Пахтакор» стадионига борганман. Мураббийни кўриб, ундан машғулотларда иштирок этишни сўраганман. Биринчи мураббийимнинг исм-шарифи Андрей Иванович Поповдир. Ажойиб жамоамиз бўларди, машғулотлар кескин ва албатта қизиқарли кечарди. Узунликка ва учхатлаб сакраш бўйича шуғулланардим. Мусобақаларда иштирок этиб, ўз натижаларимни яхшилаб бордим. Кунлардан бир куни баландликка сакраш жараёнларини кузата туриб, енгил атлетиканинг ушбу йўналишига қизиқиб қолдим. Мураббийим бу борада ўзимни синаб кўришни маслаҳат берди. Аввалига 1,30 см натижа қайд этдим. Кейин эса мусобақалар давомида натижалар яхшиланди ва мен тезда спорт устаси меъёрини бажара олдим. Ана шу тариқа баландликка сакраш йўналиши спортчисига айланганман.

Вазн ҳақида

Баландликка сакрашнинг шундай томони борки, у ерда катта вазн билан яхши натижа қайд эта олмайсиз. Ўз вазнингизни оптимал ҳолатда ушлаб туришингиз лозим. Бу борада менга омад кулиб боққан. Махсус парҳезлар тутмайман, шунингдек ширинликларнинг ҳам шинавандаси эмасман.

Кумирлар ҳақида

Алоҳида кимнидир ажратиб кўрсатиб ўтирмайман. Спортчида менга ёқадиган сифатлар ҳақида гапиришим мумкин. Бизнинг йўналишимизда узоқ вақт ушбу спорт тури билан шуғулланган ва 37 ёшда Олимпия ўйинлари ғолибига айланган спортчи бор. У узоқ вақт давомида ўз формасини ушлаб қолган, яхши натижалар кўрсатган, ўз мақсадлари сари дадил одимлаган. Бундай сифатлар фақат кучли инсонда бўлади. Мария Ласицкенени қайд этиб ўтишим мумкин. У стартга шундай тайёрланадики, унинг чиқишларидан атрофдагилар завқ олишади.

Ёдда қолган воқеалар

2016 йилги Олимпиадага тайёрлана туриб, тиззамдан жиддий жароҳат олдим. Хатто юришга ҳам қийналардим. Лицензион мусобақа учун чипталар сотиб олинган, бориш керак. Японияга борганман. Сакрай олмасдим, оқсоқланиб юрардим. Бу мен учун стресс бўлганди. Тайёргарлик учун катта куч сарфланганди. Уйда болаларим кутишарди, катта ўғлим ўшанда 4 ёшда, қизим эса 9 ойлик чақалоқ эди. Рухий томонлама қийин аҳволга тушиб қолгандим. Навбатдаги старт икки ҳафтадан сўнг Шанхайда режалаштирилаётганди. Мақсадим хеч бўлмаса бир маротаба сакраш эди. Мусобақа олдидан чигалёзди машғулотлар вақтида оғриқ шу қадар эдики, кўзимдан ёш чиқиб кетган. Мусобақалар бошланди. Илк чиқишимда 160 см баландликни забт этгандим. Ўшанда хурсандчиликдан роса бақиргандим ва йиғлаб юборгандим. Якунда ўшанда 194 см баландликка сакраб, Олимпиада меъёрини бажаргандим.

Қандай қилиб Олимпиада чемпиони бўлиш мумкин?

Бу ҳақида фақат чемпионлар билади. Мен эса ҳозирча билмайман. Аммо, ўзим учун керак бўлган сифатларни ўрганишда давом этяпман. Юзага келган муаммолар, тўсиққа қарамай ўз мақсадингиз сари олдинга интилиш лозим. Йиқилиб тушсангиз ҳам тезда ўрнингиздан туриб ҳаракатда давом этишингиз керак. Йўл қанчалик машаққатли бўлса, ғалабанинг мазаси шунчалик тотли бўлади.

Надия Дусанованинг эришган ютуқлари:

– Халқаро тоифадаги спорт устаси

– Икки карра Осиё чемпиони (2013, 2017 – Ҳиндистон)

– Ислом бирдамлиги ўйинлари ғолиби (2017 – Озарбайжон)

-Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ғолиби (2017 – Туркманистон)

– Осиё ўйинлари совриндори (Гуанчжоу-2010 – кумуш, Инчеон-2014 – бронза)

– Учта ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси (Пекин-2008, Лондон-2012, Рио-де-Жанейро-2016)

Кўриб турганингиздек, Надия Дусанова ҳисобида Осиё ўйинларининг олтин медали йўқ. Умид қиламизки, яқинлашиб келаётган Осиё ўйинларида ҳамюртимиз ўз коллекциясини ушбу мусобақанинг олтин медали билан тўлдириб қўяди. Бу йўлда Дусановага омад тилаймиз.