Ўзбек бокси юлдузлари ёш авлодни спортга қизиқтирмоқдалар

Сир эмаски, бугунги кунда шахсан мамлакатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистонда спорт энг қуйи бўғиндан бошлаб ривожлантирилмоқда. Юртимиздаги юқори спорт ташкилотларига бу энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган.

Бу борада Миллий олимпия қўмитаси бир қанча спорт федерациялари билан биргаликда турли тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам бу борада кенг қамровли ишлар олиб бормоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Юнусобод туманида жойлашган 304 ва 519-мактабгача таълим муассасаларида юртимизнинг етакчи чарм қўлқоп усталари Исроил Мадримов, Санжар Турсунов, Маҳмуд Гаипов ва Шунқор Абдурасуловлар иштирокида ўтказилди. Унда боксимиз юлдузлари жажжи болажонларимиз билан учрашишди. Тадбир давомида улар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари билан мулоқотда бўлишди ва мастер-класс намойиш этиб беришди. Болажонлар боксчилар иштирокидаги машқларни мароқ билан томоша қилдилар.

Тадбир якунида боксчиларимиз Ўзбекистон бокс федерацияси номидан болакайларга эсдалик совғаларини топширишди.

5 Июль, 2018|Янгиликлар|