Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясига янги раҳбар сайланди

Бугун, 19 май куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг навбатдан ташқари сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, таэквондо WTF ассоциацияси мутасаддилари, вилоят бўлимлари раҳбарлари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Йиғилиш аввалида делегатларга кун тартиби таништирилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойбердиев сўзга чиқди ва сўнгги йилларда таэквондо WTF йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар, терма жамоамиз спортчилари қайд этаётган натижалар ҳақида гапирди. Кейин эса у таэквондо (WTF) ассоциацияси раҳбарлиги учун шу кунгача Ўзбекистон таэквондо (ITF) миллий ассоциацияси президенти лавозимида фаолият кўрсатиб келган Лазиз Сайдивалиевич Ҳасанов номзодини кўрсатди. Қизғин баҳс мунозаралардан сўнг Л.Ҳасанов номзоди қўллаб-қувватланди ва у Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти лавозимига сайланди.

Ўз навбатида янги раҳбар олдига маълум талаб ва вазифалар қўйилди. Жумладан, Лазиз Ҳасанов қисқа вақт ичида терма жамоаларга иқтидорли спортчилар етказиб бериш тизимини қайта кўриб чиқиши, мураббийлар малакасини оширишга эътиборни кучайтириши, Осиё ва Олимпия ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда ўзбекистонлик таэквондочиларнинг муваффақиятли иштирок этиши учун зарур чоралар кўриши керак бўлади. Шу тариқа, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг навбатдан ташқари сайлов Конференцияси ўз ишини якунлади.

 

19 May, 2018|Янгиликлар|