Ўзбекистон гольф федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон гольф федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон гольф федерациясининг фахрий раиси Фёдор Ким, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти иштирок этди. Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди ва иштирокчиларни кун тартибидаги масалалар билан таништирди.

Унга кўра, даставвал федерациянинг амалдаги раиси Абдулҳамид Латифжонов ва 4 нафар раис ўринбосарларининг ўз хоҳишларига кўра лавозимларидан озод этилиши ҳақидаги аризалари кўриб чиқилди. Аввалги раҳбариятнинг аризаси қаноатлантирилгач, федерацияга янги раҳбар ва унга ўринбосарлар сайлаш, президиум таркибини шакллантириш каби масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибининг кейинги масаласига ўтилар экан Ойбек Касимов федерация раислигига Тоҳиров Дилшод Носиржонович номзодини илгари сурди. Қатнашчилар бир овоздан ушбу номзодни маъқуллашди ва Дилшод Тоҳиров Ўзбекистон гольф федерациясининг раиси этиб сайланди. Шунингдек, Парпиев Бобур Ботирович федерация раисининг биринчи ўринбосари, Угай Александр Фёдорович ҳамда Мирзакаримов Сардор Анварович раис ўринбосари лавозимига сайланишди.

Билдирилган ишонч учун катта раҳмат. Янги лавозимини бажариш давомида бор куч-ғайратимни ишга солишга ваъда бераман. Насиб қилса, янги жамоамиз билан гольф спортини мамлакатимизда янада оммалаштириш ва унинг ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида биргаликда меҳнат қиламиз”, – деди Дилшод Тоҳиров.

Тадбир давомида Рустам Шоабдураҳмонов ва МОҚ вице-президенти Сакен Полатов ҳам сўз олиб, янги раҳбариятнинг фаолиятида омад ва зафарлар тилаб ўтишди.

Шунинг билан, Ўзбекистон гольф федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

13 Oktabr, 2020|Янгиликлар|