Пекин-2022: Қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик муҳокама қилинди

Миллий олимпия қўмитаси олдида терма жамоаларимизни нафақат ёзги Осиё ва Олимпия ўйинлари, балки, қишки Олимпия ўйинларига тайёрлаш ҳам асосий вазифалар доирасига киради. Бугун МОҚ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби, Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси, Ўзбекистон хоккей федерацияси вакилларининг Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлиги масалаларига бағишланган онлайн йиғилиши бўлиб ўтди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, шунингдек, қишки спорт турлари бўйича бир қатор малакали мутасаддилар иштирок этишди.

 

Учрашув кун тартибидан Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, бу борада олиб борилаётган ишлар, қайси йўналишларда йўлланмалар олишимиз мумкинлиги, шунингдек, қишки спорт турларини юртимизда янада ривожлантириш масалалари ўрин олди. Учрашув иштирокчилари ўз йўналишлари бўйича олиб борилаётган ишлар, муаммоли вазиятлар ва уларнинг ечимлари хусусида тўхталишди.

Тадбир давомида МОҚ Бош котиби ўз фикрларини билдириб ўтди.

Вазият билан барчамиз яхши танишмиз. Ҳа, аввал ушбу спорт турини молиялаштириш масаласида муаммога дуч келганмиз. Ҳозир эса ҳукуматимиз бизни ҳар қачонгидан ҳам кучли қўллаб-қувватламоқда. Биз эса ҳамжиҳатликда ўз ишимизни кўрсатишимиз лозим”, – деди Ойбек Касимов.

Суҳбатда мутахассислар Президентимиз томонидан қабул қилинган “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4583 қарор ижросига ҳам алоҳида тўхталишди. Айтиш мумкинки, бу борада олиб борилаётган ишларнинг барчаси ҳам амалда ўз тасдиғини топмаяпти. Онлайн йиғилиш иштирокчилари келажакда бу жиҳатларга жиддийроқ эътибор қаратиш, соҳадаги камчиликларнинг олдини олиш борасида ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди. Шунингдек, ҳар бир мутахассисдан ўз йўналишида мавзуга доир таклиф ва чора-тадбирлар режаси тақдим қилиниши сўралди.

12 Oktabr, 2020|Янгиликлар|