Спортчиларда COVID-19: эмлаш, антидопинг назорат, экспертлар фикри

COVID-19 ҳақида қисқача – (COronaVIrus Disease-2019ни инглизча аббревиатураси), олдинги номи 2019-nCoV коронавирус инфекцияси – у SARS-CoV-2 коронавирусини (2019-nCoV) келтириб чиқариши мумкин бўлган оғир ўткир респираторли инфекциядир. Бу ўткир респираторли вирусли инфекция касалликларининг енгил ва оғир формаларида кечиши мумкин бўлган хавфли касалликдир. Касаллик кўп ҳолатларда вирусли пневмония асоратини юзага келтириб, ўткир респиратор дистресс-синдроми ва ўткир нафас етишмовчилигига олиб келади. Бундай ҳолатларда нафас олишни енгиллаштириш учун респиратор таъминлаш ва кислород терапия зарур ҳисобланади. Касалликни асосий кенг тарқалган аломатлари: иситма кўтарилиши, чарчоқ ва қуруқ йўтал ҳисобланади.

Спортчилар, спорт шифокорлари COVID-19 даволаш ва антидопинг ҳақида нималарни билишлари зарур?

Барча инсонлар, жумладан спортчилар учун хам касалликни юқтириб олиш ва касалланиш эҳтимоли катта. Агар спортчи COVID-19 билан касалланса, бу даврда унга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган протоколларга мувофиқ, дори-дармон ва ҳамроҳ қувватлаш терапияси ўтказилиши керак. Спортчилар симптомларни енгиллаштириш учун шифокордан олган тавсия ёки рецептдаги дори воситалари WADA меъёрларига мос келиши мақсадга мувофиқдир.

Спортчилар даволаниш даврида антидопинг қоидаларини ёдда тутишлари ўринли бўлса-да, фавқулодда вазиятларда уларга энг яхши ва ўз вақтида ёрдам кўрсатилишини таъминлаш доимо устувор вазифа ҳисобланади. Спортчилар антидопинг қоидалари туфайли даволанишни кечиктирмасликлари ёки ундан воз кечмасликлари керак; аксинча, зарур тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, дори воситаларидан терапевтик мақсадда фойдаланиш учун, ўз мамлакатлари антидопинг ташкилотлари билан ҳамкорликда иш юритишлари зарур (бизнинг ҳолатимизда – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлик (UzNADA).

Адабиётлар, COVID-19дан спортчиларни вакцинация қилиш зарур ва устуворлигини кўрсатади.

Токио-2020 Ташкилий қўмитаси бош директори Тоширо Муто 2021йилга қолдирилган Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш учун вакцинация асосий талаб эмас, деган фикрни билдирди. Халқаро Олимпия Қўмитаси ЖССТ билан бу масалани муҳокама қилиб, вакцинация мажбурий эмас, бироқ вакцина ишлаб чиқилса, уни спортчилар ва мураббийлар, хамда мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларига алоқадор шахслар орасида қўллаш устувор ҳисобланишини таъкидлади.

Шуни эсда тутиш керакки, спортда қўлланилиши мумкин бўлмаган, таркибида тақиқланган моддалар мавжуд, коронавирус инфекциясини даволаш учун буюрилган дори воситалари ва вакцинани бирдай баҳолаш мумкин эмас.

ХОҚ президенти Томас Бах ва ХОҚ вице-президенти Жон Коутсдан Япониядаги Олимпия ўйинларини ўтказиш ҳақида сўралганда, улар COVID-19 тест таҳлили ижобий натижа кўрсатган спортчилар Токио Олимпиадасида қатнашишдан четлаштирилиши кераклигини айтганлар. Улар спортчилардан мажбурий вакцинацияни талаб қилиш учун янги ишлаб чиқилган қоидалар зарурлигини таъкидлаганлар. Агар спортчида COVID-19 тест-синови ижобий натижа кўрсатса, у ҳолда ушбу спортчини мусобақалардан четлатиш учун қонуний низом бўлиши кераклиги ҳақида фикрларини билдирганлар.

2020 йил 25-сентябрь куни РСТИАМ тиббий штаби томонидан онлайн режимда «Спортчилар ва ходимлар ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш» мавзусида йиғилиш ўтказилди.

Муҳим масалалар қаторида Марказ мутахассислари ва Спорт федерациялари спорт-шифокорлари биргаликда, спортчиларни грипп ва коронавирусга қарши эмлаш зарурияти ҳақида мунозаралар олиб борилди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг расмий позицияси – халқаро хавфсиз ва самарадор мезонларга мувофиқ муҳим синовлардан ўтган вакциналар яратилганлиги ҳақидаги маълумотларни назорат остида ушлаб туришдан иборат. Эълон қилинган талабларга жавоб берадиган ва фойдаланиш учун расмий маъқулланган вакциналар пайдо бўлса, МОҚ раҳбариятига хабар бериб, спортчиларни, МОҚ ва марказ ходимларини эмлаш мақсадида керакли миқдордаги вакциналар ва вакцинация учун зарур бўлган воситалар билан тўлиқ таъминлашни амалга ошириши лозим.

12 Oktabr, 2020|Янгиликлар|