Азизжон Камилов: “Янги ғалабаларга тайёргарлик кўрмоқдамиз”

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқда. Маълумки, бир неча кундан сўнг дзюдо рестарти, яъни Будапешт шаҳрида Катта дубулға турнири старт олади. Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қиладиган мусобақага тайёргарликни МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳам кузатиб бормоқда.

“Янги ғалабаларга тайёргарлик кўрмоқдамиз!

Пандемия билан боғлиқ мураккаб вазиятга қарамасдан, спортчиларимиз Будапешт шаҳрида бўлиб ўтадиган “Grand Slam”га қунт билан тайёргарлик кўришмоқда ва муваффақиятга эришишни қатъий мақсад қилиб қўйишган.

Турнир доирасидаги биринчи беллашув яқин кунларда ўтказилади. Жангчилар совринли ўринларни эгаллашлари учун фаол равишда шуғулланишмоқда, техникаларига сайқал беришмоқда. Келинг, уларга омад тилаймиз!”, – дея пост қолдирган Азизжон Якубжанович ўзининг инстаграмдаги саҳифасида.

Ўз навбатида Миллий олимпия қўмитаси ҳам дзюдочиларимизга бўлажак мусобақада омад ва зафарлар тилаб қолади. Эслатиб ўтамиз, Будапешт турнири 23-25 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

12 Oktabr, 2020|Янгиликлар|