Ҳамдардлик билдирамиз

Қашқадарё вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Одилов Сирожиддин Турдиевич 9 октябрь куни 40 ёшида вафот этди.

С.Одилов 1980 йил Шаҳрисабз туманида туғилган.
У Қарши олимпия захиралари коллежи таэквондо ва бокс бўлими бошлиғи, Қарши олимпия захиралари коллежи спорт ишлари бўйича директор ўринбосари, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Қашқадарё вилояти вакили, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармасининг бошлиғи, спорт ишлари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. У қайси меҳнат жамоасида бўлмасин, билими, ишига сидқидилдан ёндашиши, соҳани чуқур билиши билан ўзини кўрсата олган мутахассис эди. Айниқса, 2013-2016 йилларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Қашқадарё вилояти вакили лавозимида ишлаганида, вилоятда Олимпия ҳаракатини жадал ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганди. Унинг фаолияти юқори баҳоланиб, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи лавозимига муносиб кўрилган эди.

2019 йил «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони, жорий йилда халқимиз бошига тушган оғир дамлардаги фидойилиги ва саховати учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланганди.

С.Одилов O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ва вилоят кенгаши депутати ҳам эди.

Марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси

11 Oktabr, 2020|Янгиликлар|