Ханчжоу-2022, Париж-2024: Селекцион мусобақалар бошланди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда Олимпия спорт турлари бўйича иқтидорли ёшларни саралаб олиш мақсадида селекция мусобақаларини йўлга қўйди.

9-11 октябрь кунлари пойтахтимиздаги енгил атлетика базасида спортнинг ушбу тури бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ва катталар тоифасида “Янги нафас” номи остида Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақалар Ханжоу-2022 ёзги Осиё ўйинлари ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари учун ўтказилган селекцион мусобақа бўлиб, унда юртимизнинг 500 нафарга яқин энг сара енгил атлетикачилари иштирок этишди.

Бугун мусобақанинг сўнгги йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди. Беллашувлардан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияларининг мутасаддилари, мураббийлар ва спортчилар иштирокида қўшма йиғилиш бўлиб ўтди.

Қадрли спортчи ва мураббийлар, федерация мутасаддилари, ҳозирги мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамасдан спортни ташлаб қўймаганингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчимиз. Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, биз биргаликда шундай шароитда яшашга ва ишлашга мослашишимиз керак. Бунгача федерация мутасаддилари билан биргаликда олдиндаги режаларимиз ҳақида гаплашиб олдик. Темир интизом билан олдимизга қўйган мақсадларимиз сари дадил қадам ташлаймиз. Сизлар билан бир жамоамиз. Айтиш мумкинки, бу борада Сизларга ёрдамчимиз” – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Енгил атлетиканинг 49 йўналиши Олимпия ўйинларига дастурига киритилган бўлиб, унда максимум 130 дан ортиқ лицензия қўлга киритиш мумкин. Бироқ очиғини айтиш мумкинки, спортчиларимиз қўлга киритаётган лицензиялар сони у қадар кўп эмас. Айни пайтда Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари учун фақатгина баландликка сакраш йўналишида Светлана Радзивил ҳисобида лицензия мавжуд. Шунингдек, режа бўйича максимум яна 6-7 та лицензия қўлга киритиш имкониятимиз бор.

Бугунги йиғилишда Париж-2024 Олимпия ўйинлари арафасида мазкур ҳолатнинг такрорланишини олдини олиш, кучли захира ва асосий таркиб спортчиларини шакллантириш, келгуси Олимпия ўйинларида имкон қадар кўпроқ лицензия олиш масалалари муҳокама қилинди. Федерация мутасаддиларининг таъкидлашича, бу турнир орқали 19 нафар спортчи саралаб олинди.

Карантин даврида ҳам ҳукуматимиз томонидан атлетларимизнинг уй шароитида шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилиб, бунинг учун зарур инвентарлар етказиб берилди. Учрашув давомида мутасаддилар муҳтарам Президентимиз бошчилигида спорт соҳаси ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланилаётганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, олдинда турган режалар муҳокама қилиб олинди.

11 Oktabr, 2020|Янгиликлар|