Баҳромжон Газиев янги очилган Ўзбекистон поло федерациясига раис этиб сайланди

Йил сайин мамлакатимизда бир қатор янги спорт турлари бўйича миллий федерация ва ассоциациялар ташкил қилинмоқда. Бугун юртимизга янги спорт тури кириб келди, деб айтиш мумкин. Тошкент Халқаро Вестминстер университетида куни кеча очилган Ўзбекистон поло федерациясига янги раҳбар сайлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Ойбек Омилович даставвал тадбирнинг кун тартиби билан таништириб ўтди. Шундан сўнг кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон поло федерациясига янги раҳбар сайлаш жараёнига ўтилди. Бу борада Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг раиси Баҳромжон Газиев номзоди илгари сурилди. Иштирокчилар номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Б.Газиев Ўзбекистон поло федерациясига раис этиб сайланди.

Тадбир давомида Баҳромжон Валиевич янги лавозимга сайлангани ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ушбу лавозимга лойиқ кўрганингиз учун барчангиздан миннатдорман. Бу мен учун шараф. Елкамда катта масъулият турганини ҳис қилиб турибман. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Темурийлар даврида халқимиз севиб ўйнаган ушбу спорт турини қайтариш вақти келди. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Халқаро поло федерацияси ва бошқа ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўямиз», – деди Баҳромжон Газиев.

Шундан сўнг федерация раҳбариятининг бошқа лавозимларига вакиллар сайланди. Унга кўра, Ўзбекистон поло федерациясининг раҳбарияти қуйидагича кўриниш олди:

Федерация раиси: Баҳромжон Газиев
Фахрий раис: Комилжон Каримов
Раис маслаҳатчиси: Яков Рибалский
Раис ўринбосарлари: Баҳром Миркасимов, Ксения Гулямова, Ахрор Ҳайдаров.
Бош котиб: Абдурасул Мўминов

Тадбир давомида МОҚ вице-призеденти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ҳам сўзга чиқиб, янги жамоанинг келажакдаги фаолиятига омад тилаб ўтди.

Шунинг билан Ўзбекистон поло федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

10 Oktabr, 2020|Янгиликлар|