МОҚ Мудофаа вазирлиги, Миллий Гвардия ва Касаба уюшмалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси олдинда турган вазифаларни бажаришда, шубҳасиз, бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши мақсадга мувофиқдир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари, полковник Сарвар Мамаюсупов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари, полковник Алишер Норбоев ҳамда Ўзбекистон Касаба Уюшмалари кенгаши спорт бўлими бошлиғи Баҳодир Тожиев билан учрашди. Суҳбат самимий руҳда ўтиб, унда спортчиларимизни Осиё ва Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионати каби йирик мусобақаларга пухта тайёрлашда янада чуқур ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

 Маълумки, кўплаб спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакиллари бир вақтнинг ўзида юқоридаги ташкилотларда ҳам хизмат вазифаларини адо этишади. Суҳбат давомида йирик мусобақалар арафасида ҳарбий спортчиларни функционал хизмат вазифаларидан озод қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, юқоридаги ташкилотларга қарашли спорт базаларида терма жамоаларимиз учун ўқув-машғулот йиғинларини йўлга қўйиш каби масалалар бўйича атрофлича фикр билдирилди.

Суҳбат якунида меҳмонлар МОҚ музейига ташриф буюришди ва уларга Олимпия ўйинлари тарихи ҳамда Мустақиллигимиз даврида Олимпиадаларда эришган муваффақиятларимиз ҳақида сўзлаб берилди.

10 Oktabr, 2020|Янгиликлар|