Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари билан истиқболли режалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан олдинда турган вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Мазкур учрашув асосан молиявий масалалар ва узоқ йилларга мўлжалланган стратегик мавзуларига бағишланди. Суҳбат давомида ажратилган маблағларни мақсадли ва тўғри сарфланиши, селекция ишларини юқори савияда олиб бориш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Маълумки, Рустам Шоабдураҳмонов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси ҳам ҳисобланади. Учрашувда сабля бўйича терма жамоа катта мураббийи, 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда фикрларини билдириб ўтди.

Узоқ йиллик режалар хусусида гапирадиган бўлсак, 1-2 спортчига таяниб қолиш хато. Ўзим мураббийлик қилаётган сабля йўналиши ҳақида гапирадиган бўлсам, бизда энг катта спортчимиз 20-22 ёшда. Асосий таркиб эса 16-18 ёшни ташкил қилади. Агар кучли жамоа шакллантиришни истасак, бир йўналишда камида 6 нафар спортчи билан ишлаш керак. Шунда улар орасида рақобат ошади. Қолаверса, жароҳат ёки бошқа нохуш ҳолатларга ҳам тайёр бўлиш талаб қилинади. Шу йўсинда астойдил ишласак, биз тузган жамоа нафақат Париж-2024, балки 2028 ва 2032 йилги ёзги Олимпия ўйинларига ҳам тайёр бўлади”, – деди Владимир Назлимов.

Тадбир давомида 2021-2022-2023 ва 2024 йиллар кесимида федерация ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалар, ҳар бир йўналишда нафақат Осиё ва жаҳонда кучли рақобат туғдира оладиган жамоаларни шакллантириш, келаси йил бўлиб ўтадиган Токио Олимпиадасига тайёргарлик режалари борасида атрофлича муҳокама олиб борилди.

8 Oktabr, 2020|Янгиликлар|