Ержас Болтаев иштирокида маҳаллий мураббийларимиз учун онлайн семинар ўтказилди

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан терма жамоамизда фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассис Ержас Болтаев иштирокида ҳудудлардаги маҳаллий мураббийлар учун “Оғир атлетикада спортчининг мушаклари учун зарур бўлган машқлар турлари” мавзусида онлайн мастер-класс ташкил этилди. Ушбу тадбирда МОҚ, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вакиллари, шунингдек, Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб борадиган мураббийлар қатнашишди. Онлайн мастер-классни Ержас Болтаев ва оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Мендибоев олиб боришди.

 

Терма жамоамиз спортчилари Адҳамжон Эргашев ва Муаттар Набиева мураббийнинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилган ҳолда элементларни намойиш этиб турдилар. Ержас Болтаев мураккаб машқларни бажаришда нималарга эътибор бериш кераклиги, машғулот жараёнининг хусусиятлари, жароҳатланишнинг олдини олиш, спортчиларга қандай юклама бериш, машғулотлар жараёнида қайси хусусиятларни ҳисобга олиш кераклиги ва спортчиларнинг техник-тактик тайёргарлигининг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида батафсил гапириб берди.

Семинар якунида тренерлар шу каби тадбирларни кўпроқ ўтказиш тўғрисида фикрларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

8 Oktabr, 2020|Янгиликлар|