Учинчи Ренессанс спортни ҳам юксалтиради

Кейинги тўрт йил мамлакатимиз ва халқимиз учун ҳеч бир муболағасиз сифат жиҳатдан туб ўзгаришлар ва жадал тараққиёт даври бўлмоқда. Юртимиз барча ҳудудлари мисли кўрилмаган қурилиш майдонига айланган –  энг янги технологияларга асосланган замонавий корхоналар, кўркам, барча қулайликлар муҳайё қилинган турар жойлар, кенг  ва равон кўчалар барпо этилмоқда.  Халқимиз ҳаёти тубдан яхшиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат қарор топмоқда. Жаҳон бу ўзгариш ва янгиланишлар натижасида мамлакатимиз ижобий томонга жиддий ўзгаётганининг эътирофи сифатида “Янги Ўзбекистон” ифодасини муомалага киритди.

         Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини таъкидлади.

Ренессанс, яъни Уйғониш атамаси илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт жадал ривожланиши даврига нисбат берилишидир. Биринчи Шарқда  илк Ўрта асрлар Уйғониш даври номини олган илмий ва маданий тараққиёт VIII-IX асрлардаёқ ўз оламшумул кашфиётлари билан оламни ўзгартирган эди. Ана шу инқилобий  юксалиш асосчилари буюк алломаларимиз Хоразмий, Фарғоний, Фаробий, Беруний, Ибн Синолар бўлганлиги билан ҳаяқли равишда фаҳрлана оламиз.

Давлатимиз раҳбари жаҳоннинг энг катта бойлиги ёшликда олинган билим ва касб эканлигини доим таъкидлаб келмоқда. Зеро мамлакатимиз аҳолисининг деярли ярми ёшлардир.   Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанс кенг қулоч ёйиши учун ана шу, олимлар тили билан айтилганда ёшларнинг  инсон капиталини бойитишга биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун ёшларимиз бир ярим миллионга яқин – бултургига нисбатан  40 фоиз кўп  ҳужжат топширганликлари уларнинг илмга чанқоқликларини англатиб турибди. Мамлакатда рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантириш, “ақлли шаҳар”лар, “ақлли маҳалла”ларни ташкил этиш ҳам  кўп жиҳатдан ёшларимиз зиммасида.

XXI асримиз илмий-техникавий инқилобни энг юксак чўққига кўтарди. Ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши, робот техникаси тобора такомиллашиб бораётганлиги инсон капитали даражасига  юксак талаблар қўйиш билан бир қаторда  ҳар бир кишининг жисмоний бакуватлиги, узоқ умр кўриши таъминланишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Буни ҳисобга олган ҳолда ЮНЕСКО ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мунтазам равишда “халқларнинг ҳаётий қобилияти” номини олган тадқиқотларни олиб боради. “Халқларнинг ҳаётий қобилияти” коэффициенти  энг юқори – беш балл билан ўлчанади. Ҳозирча бирор мамлакат ана шу юқори коэффициентга эга бўла олмаган. Тўрт балл билан баҳоланган давлатлар ҳам аҳолиси қобилиятининг юқори бўлган, ҳам иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражаси юксак Швеция, Голландия, Бельгия, Дания ва  Исландиядир. Марказий Осиё мамлакатларида эса ушбу балл 1,7-1,9 ни ташкил этади.

 Ўзбекистондаги  Учинчи Ренессанс спортни юксалтиришга ҳам йўналтирилганлиги ушбу “ҳаётий қобилият”ни ошириш мақсади кўзланганлиги билан изоҳланади.

Жисмоний тарбия ўз хусусияти билан ижтимоий ҳаётнинг фавқулодда ҳодисасидир. Шунинг учун у жаҳон маданиятининг таркибий қисми ҳисобланади ва ўзида инсонни ҳаётга тайёрлаш, унинг табиий жисмоний ва руҳий қобилиятини такомиллаштириш бўйича кўп асрлик ниҳоятда қимматли тажрибани мужассамлаштирган. Шунинг учун милоддан бир неча асрлар  илгариоқ Олимпия мусобақалари ўтказилган, миллий спорт ўйинлари пайдо бўлган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам “Спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият берамиз”деб алоҳида  таъкидлаган.

Давлатимиз раҳбарининг беш ижобий ташаббусидан иккинчиси ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилганлиги бунинг амалий исботидир. Бу жамиятда соғлом турмуш тарзини – жисмоний фаоллик,  бадантарбия машқлари, спорт билан мунтазам шуғулланиш қарор топишининг асосидир.

Айниқса  бу коронавирус пандемияси сабабли ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг ҳуқуқий асослари ҳам мустаҳкамланмоқда. 23 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасига мувофиқ,  «Пандемияни спорт орқали енгамиз!» ғоясини ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикасида 2020-2021 йилларда спорт сиёсатини жадаллаштириш дастури тасдиқланади.

Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг устувор йўналишлари этиб – спортнинг юриш, югуриш, футзал, велоспорт, бадминтон, волейбол, стритбол, фитнес, «Воркоут» — маҳалла (кўча) фитнеси турлари белгилаб олиниши мўлжалланмоқда.

 Йил давомида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида тўрт  босқичли (маҳалла, туман (шаҳар), вилоят, республика) юриш ва югуриш, бадминтон, мини футбол, велоспорт, волейбол, стритбол, “Workоut” бўйича «Соғлом оила – янги Ўзбекистон таянчи!» шиори остида мусобақалар ташкил этилади. Шунингдек,  аҳолининг барча қатламлари ўртасида  “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ташкил қилинади. Ҳафтасига камида бир маротаба корхона ва ташкилотлар ходимларининг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни” жорий қилинади.

Коронавирус пандемияси сабабли мураккаб вазиятга қарамасдан  аҳолининг, айниқса ёшларнинг спорт билан шуғулланишларига зарур шарт-шароит яратиш мақсадида сўнгги ойларда Тошкент, Сирдарё, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари, Тошкент шаҳрида янги спорт мажмуалари барпо этилди, бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам  шундай иншоотлар қурилиши олиб борилмоқда. Жамиятимизда соғлом турмуш тарзининг қарор топиши  Ўзбекистондаги  Учинчи Ренессанс мақсадларига эришишнинг қудратли омили бўлади.

Ҳозир миллий спорт федерацияларимиз ҳам катта синовлар арафасида турибди. Энг кучли ва истеъдоли спортчиларимиз 2021 йилга кўчирилган  Ёзги Олимпия ўйинлари билан бирга келгуси йилда  олтинчи Осиё соҳил ўйинлари, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги олтинчи Осиё ўйинлари, учинчи Осиё ўсмирлар ўйинлари, шунингдек  2022 йилда XIX Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун пухта тайёргарлик кўришлари керак.

Ҳозирги пайтда кўпгина спорт федерацияларимиз ўқув-машғулот йиғинларини ҳам бошлаб юборганлар. Уларда спортчиларни мусобақаларга тайёрлашнинг энг замонавий усуллари, инновацион технологияларидан самарали фойдаланиш ниҳоятда муҳимдир. Шу мақсадда халқаро спорт майдонида юксак натижаларга эришаётган давлатларнинг илғор тажрибасидан самарали фойдаланиш талаб этилмоқда.

Миллий олимпия қўмитаси бу йўналишда тегишли чораларни кўрмоқда. Яқинда Ўзбекистон ва Хитой Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича онлайн тарзда меморандум имзоланди. Томонлар спорт тиббиёти, методикаси йўналишларида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш, терма жамоаларимиз ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилишга келишиб олдилар.

 Хитой 2021-2022 йиллар давомида тўртта йирик халқаро ва минтақавий спорт  мусобақаларининг мезбони бўлади. 2025 йилда эса  Тошкентда биринчи марта  ёшлар Осиё ўйинлари ўтказилиши режаланган. Имзоланган  меморандумда бундай йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш  ва уларни ўтказишда Хитой тажрибасини ўрганиш ҳам алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон спортчилари  мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари шубҳасиздир.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист