Оксана Чусовитина: “Менинг медалларим меҳнат, қатъият ва баъзида тўкилган кўз ёшлардан ясалган”

Ўзбек ва жаҳон спорти тарихига ўз номини зарҳал ҳарфлар билан битиб улгурган гимнастикачи Оксана Чусавитина сиймоси жаҳон ОАВ нигоҳида. Эътиборингизга argumenti.ru сайтида ҳамюртимиз билан ташкил қилинган интервьюни ҳавола қиламиз:

«Оксана Чусовитина! Тарихда етти марта Олимпиадада иштирок этган ягона гимнастикачи! 1992 йил Барселонада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида жамоавий йўналишда чемпион, таяниб сакраш бўйича Пекин-2008 Олимпиадасида кумуш медал соҳибаси, 3 карра жаҳон чемпиони, Европа чемпионати ғолиби ва бу ютуқлар Оксана Александровна эришган барча муваффақиятлар эмас, уларни ҳали давом эттириш мумкин. Афсонавий гимнастикачи 30 йилдирки катта спортда, бироқ у ҳамон бутун дунёни ўзининг юксак қобилияти билан лол қолдирмоқда. Маҳоратли спортчи, гўзал аёл, меҳрибон она ва севимли турмуш ўртоқ. Бугун биз Оксана Чусовитинанинг хаётига назар ташлаймиз.

“Мен бахтли инсонман деб бемалол айта оламан, негаки ҳеч қачон мен бошқа иш билан шуғулланишим ёки бошқа йўлни танлашим керак деган хаёл келмаган. Болалигимда полициячи бўлишни хоҳлаганман, бироқ бу учун инсоннинг “алоҳида” ҳаёти бўлиши кераклигини тушунгач, гимнастикачи бўлишга қарор қилганман.

Мактаб даврида жисмоний тарбия дарсини унчалик ҳам хушламаганман. Севимли дарсларим эса математика ва адабиёт бўлган.

Дадам доимо яхши таълим олмасанг, спортда ҳам ютуқларга эришолмайсан дердилар. Чунки мия ишлаб, ақлни чархлаб турмасангиз, спортда ҳам натижалар бўлмайди.

Оиламизда спортчилар йўқ. Онам спортни танлаганимда жуда ҳайрон бўлган эдилар. Катта опам – ҳайкалтарош, ўртанча опам – тиббиёт соҳаси вакили, акам – алоқа инженери.

Ота-онам менга ҳеч қачон бақиришмаган, аксинча, бирор ишни нотўғри бажарсам, ётиғи билан тушунтиришарди. Аслида, мен ёшликдан жуда фаол ва ҳаракатчан бўлганман. Масалан, кўчага чиқиб кучукларни бир жойга тўплардим ва аравачага ўтказиб, уларни уйга олиб келардим.

Онам ҳар доим спорт билан шуғулланишимга қарши бўлганлар. Ҳаттоки менга пианино олиб беришганди. Маълум вақт рақс тўгарагига олиб боришга ҳам ҳаракат қилишди.

Менда спортга қобилият бўлган деб айтолмайман. Мен шунчаки тез югурардим ва яхши сакрардим. Спорт машқларини маромига етказиб бажариш мендан катта машаққат талаб этарди. Дадам “бирор ишни бошладингми, охиригача етказ”, деб таъкидлардилар.

Мени шундай тарбия қилишган: мураббий бирор машқни 10 марта қилишни буюрса, 12 марта бажарардим, шпагатда 5 дақиқа ўтириш керак бўлса, кўпроқ ўтирардим. Машғулот залида мураббий доим ҳақ ва у энг асосий одам ҳисобланади.

Агар мураббий сенга аҳамият берса – бу яхши, демак, у сендан ҳаракат ва муваффақият кутади, бордию сен унинг эътиборидан четда қолсанг, ана шуниси ёмон.

Мураббий доимо спортчининг имкониятларини кўра билади ва беҳудага танбеҳ бермайди. Ота оналарга эса фарзанди ва мураббийнинг ўртасидаги муносабатга аралашмасликни маслаҳат берардим. Масалан, фарзандингизни жарроҳга олиб борсангиз, уни қандай даволаш кераклиги ҳақида айтмайсизку. Ҳар биримиз ўз вазифамизни бажаришимиз лозим.
Агарда ҳаётимни яна бошидан яшаш имкони берилганда, мен яна худди шундай яшардим. Фақат ўғлим касал бўлмаслигини ва дадам менинг Олимпиададаги ютуғимни кўришларини истардим.

Менинг медалларим меҳнат, қатъият ва баъзида тўкилган кўз ёшлардан ясалган.

Мен учун энг эсда қоларли Олимпиада Пекин-2008 бўлган. Бироқ мен у ўйинларда кумуш медаль совриндори бўлганим учун эмас, Пекиндан қайтгач ўғлим билан шифохонада навбатдаги текширувдан ўтишимиз лозим эди. Ҳайрият-ки, шифокор ўғлим Алишернинг соғломлигини ва биз бошқа шифохонада қолишимиз шартмаслигини айтишди.

Ўғлим 3 яшарлигида лейкемия билан касалланди. Авваллари бу касалликка дуч келмагандим, ўғлимнинг хасталигига ишонолмадим. Бироқ турмуш ўртоғим билан тезда ўзимизни қўлга олиб, қаерда ва қандай даволаш, касаллик билан курашиш ҳақида ўйлай бошладик. Барча яқинларимиз бизга ёрдам қўлини чўзишди.

Касаллик статистикасини кўрдим, бироқ ичимда барчаси ўтиб кетиши ва фарзандим тузалишига ишонардим, доимо ўғлим билан ҳаммаси яхши бўлишини билардим.

Касаллик билан тўқнашган инсонларга эса турли хил интернет манбаларга ишонмасликни ва ўзбошимчалик билан даволанмасликни маслаҳат бераман. Албатта, шифокорларга мурожаат қилиш керак. Ўғлим хасталигида касаллик ҳақида ҳеч қандай маълумотлар ўқимасдим, бундай нарсалар инсонни янада хавотирга туширади. Шифокорларга ўз вазифаларини бажаришда ҳалақит бермаслик керак, деб ўйлайман.

Ҳеч қачон ортга қарамайман. Нимаики бўлса ҳам – бари ортда қолади. Менга олдинга қараб яшаш, интилиш ёқади.

Қўлга киритган медалим билан ғурурланаман, чунки унга ўзим етишдим, уни менга ҳеч ким совға қилмаган ва сотиб олиб бермаган.

Менимча, спортдаги энг катта ютуғимга ҳали эришмадим. Мен бу ютуқ сари одимлаяпман. Бу менинг орзуим ва мақсадим. Аёл сифатида мен жудаям бахтиёрман, негаки мени қўллаб-қувватлайдиган оилам бор.

Мен спортчилик фаолиятимни давом эттиришим учун турмуш ўртоғим спорт соҳасини тарк этди. Мен ундан бутун умр миннатдорман, билмадим, мен хам шундай йўл тута олармидим? Бу қарори билан турмуш ўртоғим менга бутун умрга татигулик совға ҳадя этди.

Муваффақиятларим калити – бу мени қўллаб-қувватлайдиган оилам борлигида. Севимли умр йўлдошим ва фарзандим. Ҳар бир мусобақамдан сўнг ўғлим менга қўнғироқ қилиб “Ойижон яхшимисиз, ҳеч қаерингиз лат емадими”, деб сўрайди.

Ўғлим мустақил йигит. Ота-она сифатида биз маслаҳат беришимиз мумкин, бироқ танлаш ҳуқуқи фарзандимда, унинг ўзи қарор қабул қилиши керак.

Мен ҳеч қачон Олимпия ўйинлари чемпиони бўлишни орзу қилмаганман. Ҳатто ёшлигимда телевизор орқали гимнастикачиларнинг чиқишларини томоша қилган пайтларимда ҳам. Машғулотларни бошлаган пайтим машҳур гимнастикачилар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Лекин терма жамоа таркибига кирган, барчасини билиб олдим.

Фақатгина якшанба куни дам оламан, агарда туғилган куним якшанбага тўғри келмаса – демак мен залга, машғулот ўтказиш учун бораман.

Тан оламан – югуришни унчалик ёқтирмайман. Ундан кўра сакраш кўпроқ ёқади.

Барча нарсани истеъмол қилишим мумкин, лекин меъёрида. Ҳар куни – бир бўлакдан ширинлик ейман.

Карантин даврида музқаймоқдан турли хил коктейллар тайёрлашни ўргандим, ҳатто кафе очсам ҳам бўлса керак (кулади).

Келажакда болаларга мураббийлик қилишни, уларнинг юрагида спортга меҳр уйғотишни хоҳлайман. Нафақат гимнастикага, балки умуман спортга».

Манба: argumenti.ru