Фарруҳ Қиличев, Жасурбек Латипов ва Ким Юнг Жинни табриклаймиз!

Бугун ажойиб боксчиларимиз Фарруҳ Қиличев, Жасурбек Латипов ва таэквондо бўйича терма жамоамиз мураббийи Ким Юнг Жин таваллуд кунларини нишонлашмоқда.

Фаррух Қиличев 1985 йил туғилган. Вакилимиз спортчилик фаолиятида улкан ютуқларга эришмаган бўлсада, унинг шогирдлари жаҳон ареналарида юртимиз довруғини дунёга танитмоқда. Фаррух Қиличев жаҳон чемпионати финалчиси Дилшодбек Рўзметов, Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпия ўйинлари совриндори Жаҳонгир Раҳмонов каби боксчиларимизга мураббийлик қилмоқда. 2019 йилги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштирокдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Жасурбек Латипов 1991 йил дунёга келган. Андижон бокс мактаби тарбияланувчиси. Ҳамюртимиз -52 кг вазн тоифасида 3 карра жаҳон чемпионати совриндори (2 карра финалчи), Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Лондон-2012 Олимпия ўйинлари иштирокчиси ҳисобланади.

Ким Юнг Жин 1980 йил Жанубий Кореяда туғилган. Спортчилик фаолиятида таэквондонинг WT йўналиши бўйича ўз мамлакатида бир неча бор чемпион бўлган. 2019 йилдан терма жамоамизда фаолият олиб бормоқда. Ким Юнг Жин таэквондо WT бўйича 6-дан қора белбоғ соҳиби. Шунингдек, спортнинг ушбу тури бўйича халқаро тоифадаги ҳакам ва лицензиядан ўтган инструктор ҳисобланади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳар 3 вакилимизни бугунги таваллуд кунлари билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилаб қолади.

15 Sentabr, 2020|Янгиликлар|