Абдулло Тангриев – Мустақил Ўзбекистоннинг иккинчи 10 йиллигидаги энг яхши спортчиси

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан ажойиб танлов эълон қилганидан хабарингиз бор. Унга кўра, дастлабки 3 ўн йиллик учун энг яхши спортчилар саралаб олинди ва номзодлар рўйхати овоз бериш учун эълон қилинди.

15-19 август кунлари роппа-роса 5 сутка давом этган дастлабки танловда 2001-2010 йиллардаги энг яхши 5 нафар спортчимиз номи овозга қўйилди. Жараёнда 3646 нафар ҳамюртимиз иштирок этди. Улар орасида сурхордарёлик полвонимиз Абдулло Тангриев 1636 овоз (45%) тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Эркин кураш бўйича Олимпиада чемпиони Артур Таймазов эса 1456 овоз (40%) билан иккинчи ўринни эгаллади. Батафсил:

1. Абдулло Тангриев – 1636 овоз (45%)
2. Артур Таймазов – 1456 овоз (40%)
3. Вадим Меньков – 211 овоз (6%)
4. Сервер Жепаров – 195 овоз (5%)
5. Екатерина Хилько – 148 овоз (4%)

Эртага телеграм каналимизда 2011-2020 йиллар учун энг яхши спортчи номи учун номзодлар эълон қилинади. Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси мазкур танловда иштирок этган барча мухлисларга ташаккур айтиб, барчани келгуси дастурларда ҳам фаол иштирок этишга чорлаб қолади.

Маълумот учун, Абдулло Товашевич Тангриев 1981 йил 28 март куни Сурхондарё вилоятида туғилган. Дзюдо бўйича Пекин-2008 ёзги Олимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби. 2011 йил мутлақ вазн тоифасида жаҳон чемпиони, 3 карра жаҳон чемпионати совриндори. 5 карра Осиё чемпиони ва яна кумуш ва бронза медаллари эгаси. Шунингдек, 3 карра Осиё ўйинлари совриндори. Полвонимиз параллел равишда ўзбек миллий кураши билан ҳам шуғулланиб борган ва бир неча бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Абдулло Тангриевнинг мана шундай ғалабалари юксак баҳоланиб, у давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки 10 йиллик учун ўтказилган сўровномада машҳур футболчимиз Миржалол Қосимов номзоди ғалаба қозонган эди.