Бокс бўйича терма жамоамиз мураббийлари вилоятлардаги спортчилар учун мастер-класс ташкил қилишади

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари навбатдаги онлайн машғулотини ўтказди. Маълумки, айни пайтда асосий терма жамоамиз вакиллари Янгиободдаги ўқув базасида қаттиқ карантин асосида машғулот олиб боришмоқда. Терма жамоанинг асосий қисми ушбу жойдан уланган бўлса, Шаҳобиддин Зоиров Бухоро, Миразиз Мирзаҳалилов эса Фарғонадан онлайн машғулотга қўшилди. Жараён МОҚ ва Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти нигоҳида бўлди.

Онлайн машғулот давомида терма жамоа мураббийлари штаби томонидан боксчиларимизга белгиланган режа асосида вазифалар берилди, ўз ўрнида йигитларимиз машғулотларни маромига етказиб бажаришди. МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов машғулотларни ташкил этиш бўйича ўз таклифларини берди. Терма жамоамиз аъзоларига сиҳат-саломатлик тилаб, машғулот вақтида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолди.

Хабарингиз бор, ҳозирда турли терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган хорижлик мураббийлар иштирокида вилоятдаги спортчи ва мураббийларимиз учун маҳорат сабоқлари олиб бормоқдамиз. Ўзбек боксида хорижлик мутахассиснинг ишлашига ҳожат йўқ. Боиси, бу борада ўзбек бокс мактаби кучли шаклланиб бормоқда. Шу боис мураббийларимиз, Сизларга вилоятлардаги мураббий ва спортчиларимиз учун маҳорат сабоқлари ташкил қилсангиз деган таклиф билдирмоқчиман”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида, терма жамоамиз мураббийлари ҳам мазкур таклифни қўллаб-қувватлашди ва тез орада мазкур тадбирни йўлга қўйишлари ҳақида маълум қилдилар.