Виолетта Зарали: “Болалигимдан мураббий бўлишни хоҳлашимни тушунганман”

Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси билан ҳамкорликда терма жамоамиз мураббийи Виолетта Зарали билан тайёрланган интервьюни ҳавола қиламиз:

-Замонавий бешкураш билан шуғулланишни неча ёшдан бошлагансиз? Бешкурашга қайси спорт туридан ўтгансиз?
-Мен бешкураш спортига 2003 йил якунида келганман, у пайтда 15 ёшда эдим. Ундан олдин мен 7 йил сузиш спорт тури билан шуғулланганман.

-Нега айнан шу спорт турини танлагансиз?
-Мен узоқ вақт қандай спорт турини танлашим кераклиги ҳақида ўйлардим, турли спорт турлари ҳаёлимга келарди — сув полоси, триатлон ва ҳатто регби. Аммо биринчи машғулотдан сўнг бу мен учун эмаслигини англардим. Бир куни онам от спортида ўзимни синаб кўришимни таклиф қилдилар. Бу менга қизиқарли бўлди, чунки менга ҳар доим от миниш ёқарди. От жуда гўзал ҳайвон, шу билан бирга уларда жуда катта куч ва ғайратни ҳис этардим. Ягона мени ташвишлантираётган нарса, 7 йил мобайнида иштиёқ билан ўрганган сузиш спортидан воз кечишим кераклиги эди. От спорти мактабига келганимда, мендан нима учун спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга қарор қилганимни, илгари нима билан шуғулланганимни, жисмоний тайёргарлигим қандай эканлиги ҳақида сўрашди. Сўзлаб берганимда, менга ўзимни замонавий бешкураш спортида синаб кўришимни таклиф қилишди. Ҳам от спорти , ҳам сузиш билан шуғулланишим мумкинлиги ҳақида эшитганимда жуда қувониб кетгандим. Шунингдек, менга доим ёққан ўқ отиш спорти билан ҳам. Шу тариқа мен бешкураш спортига кириб келдим.

-5 та спорт туридан қайси бири сизга кўпроқ ёқади ва нима учун?
-Бу саволга аниқ жавоб беришим қийин. Эҳтимол, сиз бешкураш билан шуғулланишни бошлаганингизда, энг яхши натижага эришганингиз сизга кўпроқ ёқиши мумкин. Аммо бошқа спорт турларида кўникма ва қобилиятлар ривожланиб борар экан, уларнинг ҳар бири ўзига хос қизиқарли эканлигини тушунасиз. Масалан, биринчи марта шуғулланишни бошлаганимда сузиш ва отишни яхши кўрардим. Биринчи йил менга отга чиқишга рухсат беришмади. Кўпроқ югуришни ёқтирмас эдим… Бу энг даҳшатли синов бўлиб туюларди. Уларнинг менга «югуришни яхши кўрмагунингча, ҳеч қачон югура олмайсан» деган гапларини англамас эдим. Аммо бир мунча вақт ўтгач, югуришдан завқ олаётганимни ҳис қилдим. Баъзи вақтларда, кунига 40 км — эрталаб 20 км ва кечқурун 20 км югурганимизда турли ҳаёллар мени қуршаб оларди. Жараён шу даражада ёқар эдики , 20 км эканини ўйлаб афсусланар эдим, охирги км.да ҳам гўё югуришни энди бошлагандек ҳис қилар эдим… Бир мунча вақт ўтгач, менга қиличбозлик ҳам ёқди. Дастлаб, фақат қадамлар ишлаб чиқилади ва нишонга олиш бўйича машқлар амалга оширилади. Бу зерикарли, завқлантирмайдиган ва қизиқ эмас эди. Менга қиличбозлик машғулотларига қатнаш ёқмас эди. Аммо биринчи бор жанг бошлаганимда ҳаммаси ўзгарди. Ажабланарлиси, сон-саноқсиз ҳис-ҳаяжон ва янги ҳиссиётлар. Ҳатто жангни қандай ўтказганим эсимда йўқ. Мен қиличбозликни яхши биламан деб ўйладим, аммо энди тушундимки, бу менга шундай туюлган. Ўша биринчи жангдан сўнг, қиличбозликнинг шукуҳини ҳис қилдим. От спорти қўшилганидан кейин эса, мен уни сўзсиз севиб қолдим. Шунинг учун алоҳида турини ажратиб кўрсатиб бўлмайди. Уларнинг барчаси гўзал ва ўзига хос бетакрор.

-Бешкурашчи сифатида қаерда чиқиш қилдингиз?
-Афсуски, мен машғулот олиб бораётган пайтларда федерациянинг собиқ раҳбарияти ушбу Олимпиада спорт турини ривожлантиришга қизиқиш билдирмаган. Асосан бизда Ўзбекистон чемпионати ва кубоги учун мусобақалар ўтказилар эди. Республикамиздан ташқаридаги мусобақаларга сафарлар жуда камдан-кам ташкил этилар эди. Бахтимизга, энди раҳбариятнинг ўзгариши туфайли замонавий бешкурашни ривожлантиришга бўлган муносабат ўзгарди. Спортчиларимиз халқаро рақибларнинг тажрибаларини ўрганишлари ва ютуқларини оширишлари учун жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда.

-Спортни ташламоқчи бўлганмисиз?
-Ҳа, бундай пайтлар бўлган. Тўғри, бунга кўпроқ спортчилар ўзларини кўрсатишлари учун имконият ва ўз қобилиятларини намойиш эта олмасликлари сабаб бўлган. Аммо бу яна федерациянинг олдинги раҳбариятининг спортни ривожлантиришга бўлган муносабати билан боғлиқ.

-Қайси чиқишингиз кўпроқ ёдингизда қолган?
-Биринчиси. Ўзимни биринчи бор синаб кўрган пайтим.

-Сиз мураббийлик фаолиятини қачон ва нима учун танлашга қарор қилдингиз?
-Мен болалигимдан мураббий бўлишни хоҳлашимни тушунганман. Ва мақсадим сари олға бордим. Ота-онамнинг кўрсатмаларига зид равишда мен жисмоний тарбия институтига ўқишга кирган пайтлар ҳам бўлган, мен ўзимни келажакда айнан шу соҳада тасаввур қилганим учун шундай қарорга келганман. Мен 2010 йилдан бери бешкураш бўйича мураббий сифатида ишламоқдаман. Кейинчалик замонавий бешкураш кафедраси ёпилди. Ва фақат 2019 йилга келиб замонавий бешкураш федерацияси фаолияти тикланди.


-Сизнингча, ушбу бешта спорт туридан қайси бирини ўрганиш қийин?
-Қиличбозлик. Бу қийин техник спорт.

-Спортдан ташқари сизнинг севимли машғулотингиз борми?
-Мен мураббийликдан ташқари алоҳида эҳтиёжи бор болалар билан ишлайман. Деярли барча юз ўгирган инсонларга ёрдам бериш – бу менинг асосий ва севимли машғулотимдир.

-Токио-2020 Олимпия ўйинларининг қолдирилишига муносабатингиз қандай?
-Албатта, барча мураббийлар ва спортчилар сингари, мен ҳам жуда хафа бўлдим. Яқин вақтгача мен бунга ишонолмадим. Афсуски, бу ҳақиқат эди. Дунёдаги барча спортчилар бундан азият чекдилар. Биз фақат руҳимизни тушурмаслигимиз керак. Тез орада бу пандемия тарихга айланади, деган умиддаман ва биз одатдаги ҳаёт тарзига қайтамиз, кундалик ҳаётда ҳам, спортда ҳам.

-Карантинда кунингизни қандай ўтказмоқдасиз?
-Очиғини айтганда, бу жуда қийин. Карантин даврида одатий турмуш тарзидаги ўзгаришлар ҳаётимизнинг кўп жабҳаларида жуда катта ўзгаришлар келтириб чиқарди. Динамик равишда ишлашга одатланиб қолгандан сўнг, уйдан ёки интернетдан ишлашга кўникиш мураккаб. Айниқса, фаол ҳаёт тарзида юрадиган спортчилар ва мураббийлар учун бу жуда қийин. Карантиннинг ижобий томонлари ҳақида нима дейишим мумкин: мен китобларни ўқишга ва профессионал адабиётларни ўрганиш учун кўпроқ вақт ажрата оляпман. Шунингдек, кўплаб семинар-тренинглар ва малака оширишга бағишланган маърузалар бўлиб, унда мен мамнуният билан иштирок эта олмоқдаман.