Спорт соҳасини ўрганиш учун дунёнинг энг машҳур 5 та олийгоҳи

Жаҳон миқёсида ўтказиладиган Олимпия ўйинлари ва бошқа нуфузли мусобақалар дунёда кўпчилик инсонларни нафақат спорт билан шуғулланишни, балки спорт илмини ўрганишга ҳамда ушбу соҳасида фаолият кўрсатишга ундайди.
2019 йилда халқаро фанлар бўйча рейтингларни умумлаштирган QS World University Rankings by Subject спорт фанларни ўргатадиган жаҳондаги кучли университетларнинг рейтингларини эълон қилди.
Сиз спорт, жисмоний тарбия, спорт менежменти, спорт психологияси ва тренерлик фаолиятини ўрганмоқчимисиз? Биз сизни дунёнинг 5 та энг кучли олийгоҳлар билан таништирамиз.

1-ўрин.
Loughborough University, Буюк Британия

Лафборо университети Лондондан 1,5 соатлик узоқликда жойлашган. Дунёда спорт ва спорт машғулотларини ўрганиш учун энг кучли олийгоҳ деб тан олинган.

Олий таълим муассасаси таркибида кўп совринларга эга бўлган спорт мактаби фаолият кўрсатади. Мазкур мактаб спорт менежменти, психология, жисмоний фаоллик йўналишлари бўйича барча даражадаги дастурларни тақдим этади. Ушбу спорт мактабининг 98% битирувчилари ўз мутахассисилиги бўйича ишга жойлашади.

Бундан ташқари талабалар спорт технологиялари даражаcини олиб, мазкур йўналишга ихтисослаштирилган Институтда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориши мумкин.
Лафборо университетида соғлом турмуш тарзи ва спортга жуда катта эътибор берилади. Университетнинг жуда катта яшил кампуси: бир нечта стадионлар, гимнастика заллари, фитнес-марказлар, сузиш ҳавзалари ва бошқалардан иборат. Талабалар учун хар хил турдаги спорт клублари ва секциялари хизмат кўрсатади.

2-ўрин
University of Sydney, Австралия

Сидней университетининг мультикампусида 10.000 мингга яқин хорижий талабалар таҳсил олишади. Мазкур олийгоҳ ўзининг кенг ҳажмдаги спорт дастурлари билан машҳур ҳамда талабаларнинг имкониятлари бу ерда жуда юқори баҳоланади.

Ушбу Олий таълим муассасасида спорт мутахассислиги, жисмоний тарбия, спорт бошқаруви ва тренерлик иши, спорт психологияси ва физиотерапия соҳаларида бакалавриат ва магистр даражасини олиш мумкин.

Sydney Uni Sport and Fitness (SUSF) ташкилоти таълим муассасанинг юраги ҳисобланади. Чунки бу ташкилот олийгоҳ кампусларига кирувчи 40 тадан ортиқ спорт клублари ва кўплаб спорт объектларнинг фаолиятини олиб боради.

Сидней университети талабаларга хар хил спорт турларидан махсус дастурларни тақдим этади (сузиш, югуриш, футбол, гольф ва б.қ.), спорт мусобақалари ва тадбирларини ўтказади. Бундан ташқари талабалар спорт стипендияларини олиши мумкин ҳамда иқтидорли талаба-спортчилар «Elite Athlete Program» дастури бўйича қўллаб-қувватланади.

3-ўрин
University of Queensland, Австралия


Австралиядаги яна бир олийгоҳ Квинсленд университети, мамлакатнинг актив ва спорт билан шуғулланадиган талабалар учун энг яхши таълим муассасаларидан ҳисобланади.

Бу ерда бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича спорт фанлари, жисмоний тарбия, тренерлик иши ва тўғри овқатланиш сирларини ўрганиш мумкин. Талабалар орасида спорт тиббиёти бўйича ҳам дастурлар жуда машҳур ҳисобланади.

Бу ерда спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган. Айкидо, енгил атлетика, чирлидинг, футбол, гольф, теннис, бейсбол, қиличбозлик, рақс ва бошқа кўплаб спорт турлари билан Квинсленд университетининг талабалари бепул шуғулланишлари мумкин.

4-ўрин
University of British Columbia, Канада

Британия Колумбияси университети – бу профессионал спортчилар билан ишлайдиган малакали тиббиёт ходимлари ва физиотерапевтларни тайёрлайдиган олийгоҳ. Ушбу олий таълим муассасаси 140 дан ортиқ давлатлардан талабаларни ўқитиб, уларга Ванкувер ва Оканагандаги камупсларда хар хил таълим дастурларини тақдим этади.

Британия Колумбияси университетида кинезиология, жисмоний терапия, спорт реабелитацияси, клиник спорт физиологияси, спорт тиббиёти ва бошқа фанлар ўқитилади.

Бундан ташқари Британия Колумбияси университети таркибида – 50 га яқин спорт клублари, энг зўр теннис кортлари, сузиш хавзалари, стадион ва спорт заллари фаолият юритади. Университет ёш спортчиларни доимо қўллаб-қувватлайди. Олийгоҳнинг бутун фаолияти давомида унинг талабалари ва битирувчилари томонидан жами 65 та Олимпия медалларини қўлга киритишган.

5-ўрин
University of Birmingham, Буюк Британия

1954 йилдан бошлаб Бирмингем университети талабаларга спорт соҳасидаги таълим дастурларини тақдим этган Британиядаги биринчи олийгоҳ ҳисобланади. Ҳозирги вақтда мазкур университет British Universities & Colleges Sport (BUCS) рейтинги бўйича Буюк Британиянинг кучли университетларидан бири саналади. Ушбу университет машғулотлар ва реабелитация фанлари бўйича алоҳида спорт мактабларга эга.

The Complete University Guide 2018 йил маълумоти бўйича Бирмингем университети “Физиотерапия” фани бўйича дунёда 1-ўрин, “Спорт фанлари” бўйича 2-ўринни эгаллаган. Ҳозирги кунда спорт йўналишида тренерлик иши, спортда бошқарув, спорт машғулотлари, спорт тиббиёти, реабилитация тиббиёти, физиотерапия ва жисмоний маданият каби йўналишларни ўрганиш мумкин. Гольф бўйича тренер ва футбол жамоаларининг тиббий ходими йўналишлари бўйича алоҳида таълим дастурлари мавжуд.

Олийгоҳ кампусининг спорт объектларида талабалар регби ва крикетдан бошлаб сузишгача, йога ва аэробика каби спорт турлари билан шуғулланишлари мумкин. Иқтидорли талабаларни Бирмингем университети хар томонлама қўллаб-қувватлаб, 40 тадан ортиқ спорт стипендияларини таклиф этади! Университет талабалари ва битирувчилари томонидан кўплаб миллий ва халқаро чемпионлар етишиб чиққан, шу жумладан Афина ва Пекин Олимпиадаларининг совриндорлари ҳам.

Мазкур мақолани тайёрлашда қуйидаги интернет ресурсдан фойдаланилди:
https://www.topuniversities.com/university-rankings/university-subject-rankings/2019/sports-related-subjects

Олимпия спорт турлари фаолиятини координация қилиш
департаменти бош мутахассиси
Б.Ибрагимов

30 Iyul, 2020|Янгиликлар|