Матонатли Паралимпиячиларимиз онлайн мусобақада куч синашишди

Коронавирус пандемияси сабаб карантин эълон қилинди. Мана шундай ноқулай шароитда бўлса ҳам Паралимпиячиларимиз онлайн мусобақада куч синашдилар. Бугун бўлиб ўтган турнирда ядро улоқтириш бўйича турли классдаги пара-атлетларимиз юксак матонат кўрсатган ҳолда ўзаро баҳс олиб боришди. Биринчи бор Республика миқёсида ташкил қилинган онлайн мусобақада Ангрен, Андижон, Қўқон, Фарғона, Самарқанд, Навоий ва Тошкентдан бўлган спортчиларимиз ZOOM платформасида бирлашдилар. Беллашувларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов бошидан охиригача кузатиб борди. Шунингдек, баҳсларни Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти ва пара-енгил атлетика бўйича бош мураббий Сардор Абдухолиқов кузатувчиларга шарҳлаб боришди. Дарвоқе, мазкур турнир YouTube ижтимоий тармоғида жонли эфирда намойиш қилинди.

Натижаларга тўхталадиган бўлсак, 12 нафар иштирокчи қайд этган кўрсаткич сўнгги халқаро мусобақаларда Токио-2020 Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун етарли бўлган нуқтага ета олди. Улардан 4 нафари эса охирги ЖЧ совриндорлари қайд этган кўрсаткичга тенг бўлди. Бу эса сўнгги 4 ойда уй шароитида бўлса ҳам шуғулланишда давом этаётган пара-атлетларимизнинг тайёргарлиги юқори эканидан далолат беради.

МОҚ раҳбари мусобақа якунида спортчиларнинг ҳар бири билан бирма-бир суҳбатлашиб чиқди.

Аввало, мана шундай мураккаб вазиятда бўлса ҳам мусобақада иштирок этганингиз учун катта раҳмат айтаман. Сизлардаги ирода ва ғалабага бўлган иштиёқни барча кўриб қўйсин. Қолган федерациялар, жумладан, енгил атлетикачилар ҳам қандай мусобақа ўтказиш мумкинлигига гувоҳ бўлишади. Келажакда бу каби турнирларни халқаро даражада ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқиш керак. Сизларнинг шуғулланишингиз учун қандай шароит зарур бўлса, биз буни яратиб беришга тайёрмиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Паралимпиячиларимиз гарчи онлайн мақомда бўлса ҳам мазкур мусобақада иштирок этишга шу қадар иштиёқманд бўлганларини уларнинг қандай шароитда қатнашганларидан кўриб олиш мумкин эди. Баъзи иштирокчилар кўп қаватли уйда яшасалар ҳам болалар майдончаси олдида керакли ўлчамларни чизган ҳолда мусобақада қатнашдилар, баъзилар эса маҳаллалари ёки туман марказидаги стадионларда ёрдамчилари билан иштирок этишди. Аслида, онлайн мусобақада қатнашган Ҳусниддин Норбеков, Бобур Омонов, София Бурхонова, Элбек Қаҳрамонов, Нурхон Қурбонова каби 19 нафар пара-атлетимизнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин.

29 Iyul, 2020|Янгиликлар|