Водийлик мураббийлар учун оғир атлетика сабоқлари бўйича вебинар ўтказилди

Фарғона водийси оғир атлетика мактаби тарбияланувчилари доимо терма жамоамизнинг асосий таркибида бўлиб келишган. Ҳозир ҳам Адҳамжон Эргашев, Муаттар Набиева каби спортчиларимиз нафақат жамоамиз балки, ўз вазн тоифасида жаҳоннинг етакчи атлетларидан саналишади. Бугун терма жамоамизда фаолият олиб бораётган қозоғистонлик мураббий Ержас Болтаев иштирокида Фарғона, Андижон ва Наманган оғир атлетика мураббийлари учун вебинар ташкил қилинди. Мазкур вебинар давомида Ержас Болтаев бир қатор йўналишлар бўйича маҳорат сабоқларини ҳам кўрсатиб берди. Жараённи Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, шунингдек, МОҚ мутасадди вакиллари кузатиб боришди.

Тадбир давомида мутахассис оғир атлетиканинг замонавий методикаси, даст ва силтаб кўтариш бўйича кўрсаткичларни яхшилашда ёрдам берадиган, қўл, бел ва оёқ мушакларини ривожлантирувчи комплекс машқлар, спортчиларни мусобақаларга тўғри тайёрлаб бориш каби муҳим масалалар юзасидан ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Шунингдек, унда иштирок этган мураббийлар ёш спортчиларга қандай юклама бериш, уларнинг овқат рационида нималарга эътибор қаратиш, уй шароитидаги машғулотлар борасида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур вебинар ва маҳорат сабоқлари кейинчалик ёзиб олинган ҳолда ҳар бир мураббийларга тақдим қилинади.

28 Iyul, 2020|Янгиликлар|