Чавандозимиз Германиядаги турнирда совриндор бўлди

23-27 июль кунлари Германиянинг Нинбург шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича “32. Nienburg Reiterfest” турнири бўлиб ўтди. Эътиборлиси, мазкур мусобақада ҳамюртимиз Бекзод Қурбонов юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

Баҳслар якунига кўра баландлиги 135 см бўлган тўсиқлардан ўтиш беллашувларида Бекзод 60 нафар спортчиси орасида мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. 70 нафар иштирокчи баҳс олиб борган баландлиги 140 см.ни ташкил этган йўналишда эса спортчимиз бронза медали билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Бекзод Қурбонов Лас-Вегас (АҚШ)да бўлиб ўтиши керак бўлган «FEI World Cup 2020» мусобақасининг финал босқичига йўлланма олган. Вакилимиз мазкур нуфузли мусобақага тайёргарлик кўриш учун Германияга йўл олган, бироқ коронавирус сабабли чавандозимиз Европа ареналарида ўз иштирокларини вақтинчалик тўхтатган эди. Ҳозирги кунга келиб, мусобақаларнинг қайта бошлаганлиги туфайли Қурбонов юртимиз шарафини ҳимоя қилишда давом этмоқда.

28 Iyul, 2020|Янгиликлар|